“Амери Керз” (АҚШ) халқаро хайрия ташкилоти билан биргаликда қилинган ишлар
2011 йилнинг биринчи ярим йилида глобал миқёсдаги тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳақидаги ўзаро Битим шартларига мувофиқ “Амери Керз” халқаро хайрия ташкилоти билан ҳамкорлик давом эттирилди. Жумладан, турли хил дори-дармон ҳамда тиббий ускуналардан иборат жами 21 та гуманитар ёрдам юки қабул қилиб олинди.
4 май куни “Амери Керз” ташкилотидан гуманитар ёрдам тариқасида умумий қиймати 21.3 минг АҚШ долларига тенг 550 та ногиронлар аравачаси олинди. Мазкур гуманитар юкни биз учун сотиб олган ташкилот Free Wheelchairs Mission донорлик қилган.
2011 йилда “Амери Керз” ташкилотидан гуманитар ёрдам тариқасида УТТ аппарат харид қилиш учун ажратилган қиймати 10.0 АҚШ долларига тенг грант олинди. Ушбу маблағлар эвазига “Норвал Компани Лимитед” компаниясидан SonoScape SSI-600 ультра товушли сканери, 4 та датчик, 1 та узлуксиз ток манбаини таъминловчи ускуна харид қилинди. Улар 2011 йилнинг 2 июнь куни Қашқадарё вилоятидаги тиббий патронаж бригадасига топширилди.
14-23 май кунлари республикамизга “Амери Керз” халқаро хайрия ташкилоти вакилининг галдаги ташрифи амалга оширилди.
14 май куни “Амери Керз” халқаро хайрия ташкилоти вакили Тэйлор хонимнинг ташрифи бошланди. Меҳмонни Тошкент аэропортида кутиб олиб ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари бажарилди.
15 май куни Тэйлор хоним Жамғарма қошидаги Тиббий ижтимоий патронаж марказининг иш фаолияти билан танишиб чиқди. Куннинг иккинчи ярмида меҳмон Жамғарманинг офисига келди. Бу ерда у Жамғарма билан “Амери Керз” халқаро хайрия ташкилоти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик қандай кечаётгани билан танишиб чиқди. Хусусан, гуманитар юкларнинг тақсимланиш мехнаизми билан қизиқди.
16 май куни куннинг биринчи ярмида Тэйлор хоним Жамғарма раҳбарияти билан учрашди. Танишув чоғида меҳмон Жамғарманинг эҳтиёжлари, муаммолари билан танишди. Шунингдек, Тэйлор хоним Жамғарма билан яна қандай йўналишларда ҳамкорлик олиб бориш мумкинлиги билан қизиқди. Жамғарма раҳбарияти меҳмонга ёзги дам олиш масканларини ташкил этиш, буйрак хасталиги билан касалхоналарда ётган беморларга гемодиализ қилиш учун зарур бўладиган фильтрлар билан таъминланиш, туғма юрак хасталиги бор беморларга бепул жарроҳлик операцияларини ўтказишга ёрдамлашиш, мамлакатимизда йод ва қон танқислиги билан боғлиқ хасталикларнинг, онкологик хасталикларнинг ривожланишини олдини олиш борасида амалий кўмак кераклиги ҳақида маълум қилди.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмон академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказига ташриф буюрди ва марказнинг раҳбари Ф.Г.Назиров билан учрашди. Суҳбатлашиб бўлгач Тэйлор хоним Марказнинг жорий фаолияти ҳамда олинаётган гуманитар ёрдамдан қандай фодаланилаётганлиги билан қизиқди.
17 май кунининг биринчи ярмида меҳмон Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига келиб бу ерда Марказ директорининг илмий ишлар бўйича муовини А.Б.Шек билан суҳбатлашди. Суҳбатдан кейин Тэйлор хоним Марказнинг иш фаолияти кузатди, шунингдек “Амери Керз” халқаро хайрия ташкилоти билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилган юрак – қон томир касалликларининг ривожланишини олдини олиш борасида қилинаётган қизғин ишлар натижаси билан танишди.
Шу куннинг ўзида меҳмон Республика Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига келди. Бу ерда у Марказнинг иш фаолиятини ва асосий кўрсаткичларини, олинаётган гуманитар ёрдамни тақсимлаш механизмини ўрганди.
18 май кунининг биринчи ярмида Тэйлор хоним Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи муовини М.Хожибеков билан учрашди. Суҳбат давомида томонлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” жамғармаси билан “Амери Керз” ташкилоти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни давом эттириш истиқболлари, бунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида ўрни ва бошқа бир қатор долзарб муаммолар ҳақида фикрлашиб олдилар.
Куннинг иккинчи ярмида Тэйлор хоним “Ўзбекситон ҳаво йўллари” МАК офисида бўлиб у ерда авиакомпания тижорат ишлари бўйича директори Э.Убайдуллаев билан учрашди. Тэйлор хоним “Амери Керз” ташкилоти номидан Республикамиз ҳукумати ҳамда МАК компаниясининг раҳбариятига миннатдорчилик билдирди. Шу куннинг ўзида меҳмонимиз Республика онкология илмий марказининг ходимлари билан учрашди. Учрашув давомида сут бези саратонининг мамлакатимиз аёллари орасида тарқалиши билан боғлиқ масалалар хусусида фикрлашди.
19 май куни Тэйлор хоним Самарқанд шаҳрига жўнаб кетди. У ерда меҳмонни Жамғарманинг Самарқанддаги филиали, Самарқанд шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг мутасадди ходимлари кутиб олишиб биргаликда Самарқанд вилояти Кардиология марказига ташриф буюришди. Кардиология марказида Тэйлор хоним юрак-қон томир хасталикларини диагностика қилиш, даволаш ва уларнинг олдини олишда гуманитар ёрдам сифатида олинган тиббий ускуналар қандай ишлатилаётгани билан танишди.
20 май куни Тэйлор хоним Фарғона шаҳрига жўнаб кетди. Фарғонада меҳмон Жамғарманинг вилоятдаги филиали ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мутасадди ходимлари билан биргаликда Фарғона вилояти Кардиология диспансерига ва Республика Илмий шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг Фарғона вилоятидаги филиалига ташриф буюрди. Шундан кейин Жамғарма қошидаги Тиббий ижтимоий патронаж марказининг вилоятдаги бўлинмасига қарашли сайёр бригада ҳузурига бориб улар билан маҳаллий аҳоли орасида тез-тез учрайдиган хасталиклар ҳақида суҳбатлашди.
21 май куни Тэйлор хоним Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган болалар касалхонасига бориб у ердаги иш фаолияти, учрайдиган асосий муаммолар ва иш самарадорлиги билан танишди. Шу куннинг ўзида меҳмон Жиззах вилоятидан келган Жамғарма қошидаги Тиббий ижтимоий патронаж тизимига кирувчи регионаларо мобил клиника фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлди. Тэйлор хоним мобил клиника фаолиятини юқори баҳолади.
22 май куни Тэйлор хоним Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор обидалари, муқаддас қадамжолари билан танишди. Куннинг иккинчи ярмида Жамғарманинг офисида ташкилот раҳбарияти якуний учрашув ўтказилди. Учрашув давомида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш борасида қилинган ишлар таҳлилини амалга ошириб тегишли хулосалар чиқаришди, келгуси йилларга янги истиқболли режалар тузиб олишди.
23 май куни Тэйлор хоним республикамизга қилинган ташриф дастурини якунлаб Тошкент аэропортидан Франкфурт шаҳрига учиб кетди.
“The Resource and Policy Exchange” (АҚШ) нотижорат ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик
2010 йилнинг 30 декабрида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва “The Resource and Policy Exchange” (АҚШ) нотижорат ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик асосида “Тинчлик қарор топсин учун!” деб номланган озиқ-овқат таъминоти ҳақида битим имзоланганди. Шу битим шартларига мувофиқ 2011 йилнинг 24 апрелида Жамғарма томонидан таркиби дегитратланган сабзавотлардан тайёрланган, турли хил витаминлар ва минерал моддалар билан бойитилган, умумий қиймати 232.6 минг АҚШ долларига тенг, инсонпарварлик юки қилинди. Гуманитар ёрдам сифатида қабул қилиб олинган юклар Жамғарманинг омборхонасидан республикамизнинг турли хил регионларида фаолият юритаётган 90 дан ортиқ ижтимоий муассасаларга, шу жумладан, “Мурувват”, “Саховат” уйларига, ихтисослаштирилган шифо масканларига жўнатилди.
Ушбу лойиҳа Америка Қўшма Штатларининг Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД), “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси томонидан қўллаб-қувватланган. Гуманитар ёрдам тариқасида қабул қилинаётган юкларнинг ҳаракати устидан мониторинг назоратини ўрнатиш Жамғарма ва унинг вилоятлардаги филиаллари томонидан амалга оширилади.

