Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бериш, ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш, соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги ишларда нафақат давлат ташкилотлари, балки нодавлат ташкилотларининг ҳам алохида ўрни бор. “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси ҳам оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу мақсадда, Жамғарма томонидан бемор болаларни хориждаги нуфузли клиникаларида даволаш махсус дастури ишлаб чиқилган.
Ҳар қандай миллатнинг асосий бойлиги – оналар ва болалар саломатлигидир. Шундай экан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллат келажагини муҳофаза қилиш билан баробардир. 2002 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Фриденсздорф Интернейшнл” халқаро ташкилоти биргаликда уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Германиянинг “Фриденздорф Интернейшнл” халқаро ташкилоти 1967 йили ташкил топган бўлиб, дунёдаги 35 дан ортиқ давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Ҳамкорлик доирасида ривожланаётган мамлакатлардаги 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш билан шуғулланадилар. 2002 йилдан буён 200 нафардан ортиқ болалар Германия клиникаларида соғломлатирилди, 64 нафар юрак туғма нуқсонли болалар Корея Ресспубликаси ва мамлакатимиз клиникаларида даволандилар.
Жамғарма томонидан Германиянинг “Фриеденздорф Интенрнейшнл” халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида 2011 йил давомида 20 нафар болалар Германия клиникаларига даволанишга юборилди. Жорий йил февралда 6 ой ва ундан ортиқ муддатда Германияда даволаниш курсларини ўтаган 17 нафар соғломлаштирилган болалар юртимизга қайтишди.
Ҳозирги кунда 11 нафар 1 ёшдан 12 ёшгача бўлган бемор болалар Германия клиникаларида даволанишни давом эттирмоқдалар. Шулардан 3 нафари яна юртимизга қайтиб келмоқда.
Булар: Жўраева Ўғилой 1996 йилда Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Чўлигулистон қишлоғида туғилган. Чап оёқнинг болдир суягининг сохта бўғими, калталиги касаллиги билан 3 йил давомида бир неча маротаба операция қилиниб, даволанди.
Сохибназаров Мафтунбек 2000 йилда Навоий вилояти Навбахор тумани Янгиобод кўчасида туғилган.Ўнг оёқнинг туғма нуқсони билан даволаниб қайтиб келди.
Хамидова Маҳкам 1997 йил 23 февралда Навоий вилояти Конимех тумани Дўстлик кўчасида туғилган. Остимиолит асорати чап оёқнинг калталиги билан даволанди.
Шунингдек, ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағи ҳисобига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика бўйича жами 430 нафар туғма лаб танглай нуқсони, “Чиройли оёқчалар” лойихаси доирасида туғма оёқ нуқсони (маймоқлик) ва “Қийшиқ бўйин” ташхиси билан 15 ёшгача бўлган болаларда 38 млн. сўмга яқин маблағ доирасида жарроҳлик операциялари ўтказилди.
Ўтган давр мобайнида республикамиз клиникаларида 2600 нафар бемор болалар операция қилиниб, соғломлаштирилган.
“Соғлом авлод учун ” жамғармаси ана шундай хайрли ишларни ташкил этишида яқиндан ёрдам бераётган барча ҳомий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради ва келажакдаги ҳамкорликка чорлайди.
















