“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мурувват йўналишида хайрия тадбирларини амалга ошириш, ўз Низоми ҳамда Давлат Дастурларининг ижросини таъминлаш мақсадида Республикамиздаги тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саховат” уйлари, махсус-мактаб интернатлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва носоғлом муҳитда тарбия топаётган болаларнинг ақлий ва жисмоний салоҳиятини оширишга қаратилган чора – тадбирларни амалга ошириш, улар орасидан иқтидорли ёшларни аниқлаш ва ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш борасидаги ишларда жамғарманинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Жумладан, жамғарма томонидан юртимизда нишонланадиган кўплаб байрам тадбирларида “Мурувват уйи”, “Мехрибонлик уйи” ва болалар махсус мактаб интернатлари учун қатор маданий – маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш, хусусан, умумтаълим мактабларида ташкил этилган ҳарбий синф ўқувчиларини тадбирларга жалб қилган ҳолда соғлом ва носоғлом муҳитда тарбияланаётган ёшлар ўртасида дўстона муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунга қадар эса бу каби кўплаб дўстона тадбирлар ташкил этилди.
Жамғарма томонидан мазкур хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, жорий йилнинг 20 декабр куни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Конференц залида Тошкент шахридаги барча “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун зарур дори – дармон воситаларидан иборат мурувват юкларини топишириш тақдимот маросими бўлиб ўтади. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги, “Сен ёлғиз эмассан” Республика болалар жамоатчилик жамғармаси ва Тошкент шаҳридаги “Меҳрибонлик” уйлари вакиллари иштирок этадилар.
Тадбирни ўтказишдан мақсад – болажонларимизнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишларини таъминлаш, шунингдек соғлом ва носоғлом муҳит тарбияланувчилари ўртасида ўзаро дўстона алоқаларни ўрнатишга қаратилгандир.
“Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, ОАВ орқали ёритишда кўмаклашган барча оммавий ахборот воситалари вакилларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.
















