Ҳар қандай миллатнинг асосий бойлиги – оналар ва болалар саломатлигидар. Шундай экан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллат келажагини муҳофаза қилиш билан баробардир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ҳар бир йилга алоҳида ном берилиб, ўтган ҳар бир йил ўз мазмун моҳиятига эга бўлиб бормоқда. Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом ва маънавий бой, интелектуал салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш борасида “Мустаҳкам оила йили”да кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида, айниқса, қишлоқ жойларда жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Кам самарали фельдшерлик-акушерлик пунктлари ва амбулаториялар ўрнига замонавий тиббий техника билан жиҳозланган 3 мингдан ортиқ врачлик пунктлари ташкил этилиб, уларда малакали умумий амалиёт шифокорлари бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишмоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар соғлигини мустаҳкамлаш тизимида муҳим ўзгаришлар рўй берди.
Шу ўринда мазкур ишга нафақат давлат ташкилотлари, балки нодавлат ташкилотлар ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келаётганини айтиб ўтиш жоиз. Бу борада, “Соғлом авлод учун” жамғармаси фаолияти мисолида олиб борилаётган ишлар бунга мисол бўла олади. Жамғарма саъй-ҳаракати билан юртимизда “Она ва бола скринингги”, “Тиббий ижтимоий патронаж” тизимларининг ташкил этилиши оналик ва болаликни муҳофаза қилишда алоҳида хизмат қилиб келмоқда.
Шунингдек, ушбу йўналишларни амалга оширишда нафақат давлат ташкилотлари балки халқаро ташкилотларининг ҳам эътиборлари қаратилмоқда. Жумладан, 2007 йилда тўлиқ қайта таъмирланиб, энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган Ўрта Чирчиқ туман болалар шифохонаси сўзимнинг ёрқин исботи бўла олади. Туман аҳолиси ва айниқса, болалар учун ғоят муҳим бўлган мазкур шифохона “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси, Корея халқаро соғлиқни сақлаш – Доктор Ли Жунг-Вук хотира жамғармаси ҳамкорлигида Тошкент вилояти ҳокимияти кўмагида амалга оширилган эди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси турли жабҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Амалга оширилган навбатдаги лойиҳани эса ҳамкорликнинг яна бир натижаси сифатида қайд этишимиз мумкин. Бу лойиха “Peugeot” русумидаги мобил клиникадир. 87 875 АҚШ доллари қийматидаги мазкур “Peugeot – Мобил клиника” си Туркиянинг Тараққиёт ва ривожланиш агентлигининг Ўзбекистон ваколатхонаси томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасига тақдим этилди.
Ушбу харакатланувчи мобил клиниканинг асосий вазифаси, республикамизнинг энг чекка худудларида истиқомат қилувчи аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур тиббий ёрдамларни кўрсатишдан иборат.
2012 йил 10 феврал куни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан Тиббий ижтимоий марказида мазкур “Peugeot – Мобил клиника” сининг тақдимот маросими ўтказилади. Шунингдек, юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистондаги Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идораси (ТИКА) рахбари, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси рахбари ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари табрик сўзи билан иштирок этишади.
















