“САЛОМАТЛИК ПОЕЗДИ” олис манзиллар сари

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан, соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига тиббий хизмат кўрсатишга давлат миқёсида эътибор қаратилаётганини эътироф этган ҳолда, таъкидлаб ўтиш жоизки, бу ғамхўрликни Республикамизнинг барча ҳудудларида кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 февралдаги ПҚ-1717-сонли Қарори билан тасдиқланган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг 48 банди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Давлат дастурида”ги ПҚ-1144-сонли Қарорлари ижросини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи, айниқса, эҳтиёжманд оилаларга инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК биргаликда навбатдаги, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун Тошкент–Жаслиқ-Каракалпакия–Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди жорий йилнинг 6-16-октябр кунлари ташкил этилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 24-31-март кунлари Навоий вилояти аҳолиси учун Тошкент-Тинчлик-Конимех-Қара-қата-Мустақиллик-Бузоубой-Учқудуқ II-Тошкент йўналишида ҳамда 18-23-май кунлари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси учун Тошкент – Қашқадарё (Оқработ-Деҳқонобод) – Сурхондарё (Дарбанд – Бойсун – Қумқўрғон) –Тошкент йўналишида “Саломатлик” поездлари ташкил этилган эди. Мазкур поезд мутахассислари томонидан 3107 нафар аҳоли чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, аҳолига ҳамда вилоятнинг ташкилот ва муассасаларига 58,3 млн сўм миқдоридаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва 816,2 минг АҚШ доллари қийматидаги дори-дармон, тиббий жиҳозлар, санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилди.

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида октябр куни соат 19:25 да Тошкент шимолий вокзалидан йўлга чиқади. Ушбу малакали шифокорлар билан бирга жойларда жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикасининг Тиббий ижтимоий патронаж бригада ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига инсонпарварлик юклари (300 дона озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат пакетлар, кийим-кечаклар, болалар оёқ кийимлари, дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари ҳамда тиббий функционал кроватлар ва бошқалар)дан иборат мурувват ёрдамлари етказиб берди.

Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган ТошкентЖаслиқ-Каракалпакия–Тошкент станцияларига яқин ҳудудларидан ташқари “Соғлом авлод учун” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг автоамбуланс машинаси орқали худуддаги барча “Мурувват”, “Меҳрибонлик”, “Саҳоват” шу билан бир қаторда шифохоналар, Республиканинг болалар туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг 6-октябр куни йўлга чиқувчи “Саломатлик” поезди ўз ишини 8 октябр кунидан бошлайди ва бир ҳафта давомида малакали мутахассислар томонидан ногирон болалар, хотин-қизлар, боқувчисини йўқотган ва кўп болали оилаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, жойларда махсус муассасалар, ёрдамчи мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига мурувват ёрдамларини топшириш, шу билан бир қаторда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи учрашувларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад-экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

Тадбир хомийлари: АҚШнинг “Амери Керз” халқаро ташкилоти “Ўзфармсаноат” ДАК, “Дори-дармон” АК, ОАЖ “Nestle-Uzbekistan” ҚК, ОАЖ “Поль-фарма”, МЧЖ “Дори таъминот”, ОАЖ “Jurabek laboratories”, ОАЖ “Технофарм” ОАЖ “Azia milk food” ва бошқалар.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish