“Ҳар бир лаҳза мислсиз” номли шахсий расмлар кўргазмасининг очилиши

Маълумки, “Соғлом авлод учун” жамғармаси томонидан иқтидорли ёшлар ўртасида бир қатор расмлар бўйича кўрик танловлар ва кўргазмалар ўтказилмоқда. Шулар қаторида ҳалқимиз меҳрига сазовор бўлган рассомлар асарлари бўйича ҳам қатор кўргазмалар ташкил этилиб келинмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам, она замин барчамиз учун муқаддасдир. Унга бўлган меҳрини ҳар ким ўзича намоён этади. Кимдир шеру – ғазалларда мадҳ этса, кимдир қўшиқларида куйлайди. Мўйқалам устаси эса яратган асарларида акс эттиради. Зеро, Ватан меҳри жамики тушунчадан улуғроқ туйғудир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси “8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни”га бағишлаб, халқимиз орасида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган ижодкорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг машаққатли ижод йўлида мардонавор қадам ташлаши учун кўмак бўлиш ва ўз ўрнида ўсиб келаётган ёш тасвирий санъат ихлосмандлари учун алоҳида ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида, жорий йилнинг 5 март куни соат 16:00 да жамғарма биносида Тошкент шаҳрида ижод қилаётган иқтидорли ранг – тасвир устаси Трошина Виктория Юриевнанинг “Ҳар бир лаҳза мислсиз” деб номланган шахсий расмлар кўргазмасини ташкиллаштиришни режалаштирди.

Кўргазмада рассомнинг портерт, пейжаз, натюморт ва саҳна жанрлардаги турли-туман асарлари тақдим этилган. Ёрқин рангларга бой асарларда она юртга, унинг ва меҳнатсевар халқига бўлган юксак муҳаббат ўз ифодасини топган.

 

Кўргазма муаллифлари тўғрисида маълумот

Виктория Трошина Юриевна: Ўзбекистон Бадиий Академияси уюшмаси аъзоси, 1964 йил Тошкет шаҳрида туғилган. Мактабга қадам қўйиш чоғиданоқ Пионерлар саройи ва мактаби қошидаги бадиий студия малакали рассоми, устоз Зоя Григорьевнадан рассомчилик сирларини ўрганди. Ҳудди ана шу истеъдодли устоз Викториянинг қобилиятини сезиб, рассомчилик олийгоҳига ўқишга киришини маслахат беради.

1979 йилда Витория Трошина П.П. Бенков номли Республика рассомчилик билим юртида М. Тўхтаева ва Б.Токмина каби таниқли рассомлар қўлида (живопись) бўлимида тахсил олган. 1983 йил у билим юртини аълога тамомлаб, А.Н. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтига “Китоб графикаси” бўлимига тахсил олиш учун қабул қилинди. Унинг курс раҳбари Ли А.В эди. Трошина институтни 1989 йил тамомлаган.

Унинг профессионал фаолиятга кириб келиши 1991 йил Ўрол Тансиқбоев Меморал уй музейида шахсий расмлар кўргазмаси билан бошланган.

Кейинчалик Ўзбекистон Бадиий Академиясида бўлиб ўтган “Art Asia-93” кўргазмасида ва “Ўзбекистоннинг замонавий рассомлари” (Лондон) расмлар кўргазмасида муваффақиятли иштирок этди.

Муаллиф ижодида тафаккур тарзининг ўзига хослиги, яратилган асарлар йўналиши бетакрорлиги каби хислатлари унинг санътини бошқалардан ажратиб туради.

Унинг асарлари Ўзбекистон Миллий Банки, Греманиянинг шахсий коллеционерлари, Жанубий Корея, Хитой, Италия, Россия, Югославия шунингдек, Австрия Республикалари кўргазмаларида муваффаққиятли иштирок этиб келмоқда.

Ушбу кўргазма бир ой давом этиб, кўргазмага коллеж, лицей ва мактаб ўқувчилари, “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари ташриф буюришади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ушбу шахсий кўргазмани ташкиллаштиришда кўмаклашган барча ташкилотчиларга, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг чуқур миннатдорчилигини изҳор этади.

 

Javob berish