“САЛОМАТЛИК” ПОЕЗДИ олис манзиллар сари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 июлдаги ПҚ-1144-сонли “2009-2013 йилларда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Давлат Дастури” ижросини таъминлаш мақсадида, республикамизнинг чекка ҳудудларидаги муҳтож аҳолини тиббий-ижтимоий патронаж хизмати билан қамраб олиш, юқори малакали тиббий ва мурувват ёрдамини кўрсатиш “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК биргаликда Навоий вилоятининг чекка ҳудудлари аҳолиси учун Тошкент – Навоий – Тинчлик – Конимех – Қара-Қата – Мустақиллик – Қизилқудуқ – Бузаубай – Учқудуқ II – Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди 23-30-март кунлари ташкил этилди.

Маълумот ўринида айтиб ўтиш жоизки, 2012 йилнинг март ойида ҳам айнан Навоий вилояти аҳолиси учун Тошкент–Тинчлик–Конимех–Қара-қата–Мустақиллик–Бузоубой–Учқудуқ II–Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди ташкил этилган эди. Саломатлик поездининг мутахассислари томонидан 1 046 нафар аҳоли чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик билан бир қаторда “Саломатлик” поездининг фаолияти давомида вилоятдаги 26 та тиббий муассасаларга шунингдек, 1 991 та ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига манзилли равишда озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, санитария ва гигиена воситалари билан жами 26,8 млн. сўмлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди, бундан ташқари 423,2 минг АҚШ долларига тенг витамин, дори-дармон ва гигеник воситалар тарқатилди.

Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган Навоий, Тинчлик, Конимех, Қара-Қата, Мустақиллик, Қизилқудуқ, Бузаубай ва Учқудуқ II станцияларига яқин ҳудудларидан ташқари “Соғлом авлод учун” жамғармаси Навоий вилоят филиалининг Тиббий ижтимоий патронаж бригадаси орқали ҳудудий барча “Мурувват”, “Меҳрибонлик”, “Саҳоват” шу билан бир қаторда марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

Тадбирдан кўзланган асосий  мақсад – экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

Тадбир хомийлари: АҚШнинг “Ameri Cares” ва “Toms Shoes” халқаро ташкилотлари, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси, “Jurabek laboratories” МЧЖ, “Novopharma plus” қўшма корхонаси, “Бахтекс фарм” МЧЖ, “Дори-дармон” АК, “Замона Раъно” МЧЖ, “Ўрикзор бозори” МЧЖ, ОАЖ “Вкусный хлеб”, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси ҳамда “Қаюмов Ш.” ХКлар.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

 

Мулоҳаза билдириш