ЎзА, М.Маметова, 27.06.2013 10:52
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида журналистлар билан бўлиб ўтган учрашув “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси корхоналарида ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотларни сотиш ҳажмини кўпайтириш масаласига бағишланди.
Бугун Ўзбекистон енгил саноати мамлакатимиз макроиқтисодиёт комплексида мустаҳкам ўрин эгаллаб турибди. Мамлакатимизда зарур шарт-шароитлар, қулай инвестиция муҳити ва самарали меъёрий-ҳуқуқий база яратилгани натижасида соҳада улкан ютуқларга эришилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу борада кенг имкониятлар очиб бермоқда.
“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси раисининг биринчи ўринбосари М.Мансуровнинг сўзларига кўра, бугунги кунда компания таркибига қарийб 290 корхона киради. 2013 йилнинг беш ойи якунлари бўйича улар томонидан қиймати 761,8 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, 344,4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Ярим фабрикатларнинг бир қисми (калава ва трикотаж полотно) ички бозорда сотилди ва бу тайёр маҳсулотлар ҳажмини 2, пайпоқ буюмлари ҳажмини 1,2 баробарга ошириш имконини берди.
Таъкидлаш жоизки, тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари экспорти ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётир. Масалан, 2011 йил якунларига кўра, экспорт ҳажми 660 миллион АҚШ долларини ташкил этганди. 2012 йилда эса бу кўрсаткич 705 миллион доллардан ошди. Бу борада экспорт қилинаётган товарлар географияси кенгаймоқда, янги ташқи бозорлар аниқланмоқда. “Ўзбекенгилсаноат” компанияси корхоналари ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо компаниялари билан самарали ҳамкорлиги натижасида тўқимачилик ҳамда тикувчилик-трикотаж маҳсулотларини Австрия, Венгрия, Канада, Швейцария, Финляндия, Саудия Арабистони, Марокаш, Тунис ва бошқа мамлакатларга экспорт қилиш йўлга қўйилди. Айни пайтда ушбу маҳсулотлар 50 давлатга экспорт қилинмоқда.
Тадбир давомида журналистларга янги шериклар топиш ва мавжуд бозорлар сонини кўпайтириш мақсадида “Ўзбекенгилсаноат” компанияси корхоналари халқаро кўргазмалар ҳамда ярмаркаларда мунтазам иштирок этиб келаётгани маълум қилинди. Бугунги кунда Европа Иттифоқи, МДҲ ва Осиё мамлакатларида компания корхоналарининг қирқдан зиёд дилерлик тузилмалари мавжуд.