JUN RI DO спорт тури бўйича Тошкент шаҳар очиқ чемпионати

Юртимиз ёшларини етук ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида камол топишларини таъминлаш, иқтидори ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш олдимизда турган муҳим вазифаларимиздан бирига айланган.

Спорт – саломатлик гарови. Юртимизда болалар ва ўсмирлар спорти ривожига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Турли-туман спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларни оммавий тарзда спортга жалб этишга эришилмоқда.

Жорий йилда ҳам болалар спортини ривожлантириш, ўсмирларни спортга кўпроқ жалб қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2015 йил 24 февралда ўтказилган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик Кенгашида белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида, Тошкент шаҳар JUN RI DO спорт жамоат бирлашмаси “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ёшлар ва ўсмирлар ўртасида 1 июн “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан спортнинг “JUN RI DO” тури бўйича Тошкент шаҳар очиқ турнири ўтказилди.

Спорт мусобақаси доирасида: тантанали очилиш маросими, иштирокчиларнинг ушбу спорт турининг анъанавий ва мусиқий либосларида чиқишлари, поинт спарринг, континиус спарринг, мусиқий ва мусиқасиз формалардаги кўргазмали чиқишлари билан қатнашди. Мусобақада жами 100 нафарга яқин 1996-2008 йилларда туғилган ёшлар ва ўсмирлар ўз тоифаларида кураш олиб боришди.

Спорт мусобақаси 31 май куни 09:00 дан 15:00 гача Тошкент ирригация ва мелорация институти қошидаги “International house Tashkent” академик лицейи спорт мажмуаси (Тошкент шаҳар Ниёзбек йўли кўчаси 39-уй)да ўтказилди.

Спорт фестивалини ўтказишдан асосий мақсад:

– спортчи ёшлар ўртасида спортнинг ушбу турини мунтазам ташкил этиш орқали спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишларини ташкил этиш;

– ушбу спорт турининг кенг доирада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;

– ёшларни, айниқса қизларни жисмонан бақувват, баркамол ва соғлом бўлишига, чиниқишига, умумий иш қобилиятини ўсишига ёрдам бериш;

– ушбу спорт билан мунтазам шуғулланаётган ёшларни аниқлаб, улар ўртасида мусобақалар ўтказиш ҳамда радио ва телевидения орқали тарғибот этиш орқали бошқа болаларнинг ҳам фаол иштирокига эришиш;

– спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш ва халқаро майдондаги ўрнини қарор топтириш;

– шарқ жанг санъатларидан бўлган JUN RI DO спорт тури бўйича мамлакатимизда мактаблар очиш.

Турнир ғолиблари ташкилотчилар томонидан тайёрланган дипломлар ва совғалар билан тақдирландилар. Албатта, мусобақада иштирок этган барча иштирокчи қизлар умрларини спортга бағишламасликлари мумкин, лекин уларнинг келажакда ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб вояга етишишларига ишонамиз.

Мусобақа ташкилий қўмитаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган барчага ўзининг самимий миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish