“Саломатлик” поезди олис манзиллар сари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПҚ-4947-сонли Қарори билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 222-бандида кўрсатилган Республиканинг экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларида яшовчи (Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари) аҳоли учун “Саломатлик” поездларини ташкил этиш йўли билан чекка туманларда яшовчиларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун “Sog`lom avlod uchun” фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг чекка ҳудудларига 2017 йилнинг 21-29 март кунлари Тошкент – Сариосиё – Қумқўрғон – Бойсун – Дарбанд – Оқрабод – Деҳқонобод – Қарши – Тошкент йўналишида “Саломатлик” поезди ташкил этилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2016 йил давомида Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига 3 маротаба “Саломатлик” поездлари ташкил этилган эди. Ушбу “Саломатлик” поездларининг мутахассислари томонидан 5500 нафардан ортиқ фуқаро чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик билан бир қаторда “Саломатлик” поездининг фаолияти давомида вилоятдаги 100дан ортиқ тиббий ва ижтимоий муассасаларга шунингдек, 8000 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, витамин, тиббиёт жиҳозлари, ногиронлик аравачалари, санитария-гигиена воситалари жами 4 млрд. 300,4 млн. сўмлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 21 март куни соат 21:00да Тошкент Марказий вокзалидан йўлга чиқди. Ушбу малакали шифокорлар билан бирга жойларда фонднинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу инсонпарварлик ёрдами 2 млрд. 624 млн. 975 минг сўмлик озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, тиббиёт анжомлари ва жиҳозлари, ногиронлик аравачалари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват ёрдамларидан ташкил топган.

Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган Сариосиё, Қумқўрғон, Бойсун, Дарбанд, Оқрабод, Деҳқонобод станцияларига яқин ҳудудларидан ташқари фонднинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси орқали ҳудуддаги марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

Тадбир ҳомийлари: АҚШнинг “Resource and Policy Exchange”, “AmeriCares”, “Toms Shoes” халқаро ташкилотлари, Германия Федератив Республикасининг “Tovarish – Hilfe fuer kinder” халқаро ташкилоти, “Дори-дармон” АК, “Нilol nashr” МЧЖ, G`afur G`ulom номидаги НМИУ, “Navro`z PTK” МЧЖ, “Farnaks farma” МЧЖ, “Class-food service” МЧЖ, “Jahon invest plast” МЧЖ, “Micro business group” МЧЖ, ҚК “Rekamed farm МЧЖ, “Farmed” МЧЖ, ва бошқалар.

“Sog`lom avlod uchun” фонди ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Мулоҳаза билдириш