Ewha Womans University Госпитали

“Sog`lom avlod uchun” фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Сизга маълумки, “Sog`lom avlod uchun” фонди бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш учун бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2016 йил давомида фонд мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея халқаро соғлиқни сақлаш KOFIH фонди, Корея Республикасининг Ewha Womans University, Severance University, Ин Ха ва Бундан Ча университетлари госпиталлари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирди.

Фонд узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Фонд 2014 йилдан бошлаб Корея Республикасининг Ewha Womans University госпитали билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, Ewha Womans University госпитали малакали шифокорлари томонидан 2016 йилнинг 3-6 август кунлари Андижон вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт марказида бўлишиб, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида истиқомат қилувчи жами 590 нафар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28 июл 2017 йилда тасдиқланган 10/1-804 сонли ташриф Дастури асосида жорий йилнинг 6-13 август кунлари Корея Республикасининг Ewha Womans University госпитали малакали шифокорлари (30 нафар профессор-нефролог, профессор-отоларинголог, профессор-ортопед, педиатр, гинеколог, ортопед, психолог, стоматолог, лаборант, фармацевт, тиббиёт ҳамширалари, лаборант-технолог, тиббиёт ходимлари) юртимизга ташриф буюришди. Улар Андижон вилоятида 8-11 август кунлари вилоят кўптармоқли тиббиёт марказида Фарғона водийси (Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари) аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди ва хорижий профессорлар томонидан Андижон давлат тиббиёт институти талабалари ва магистрлари учун лекциялар ташкил этишди. Шунингдек Кореялик мутахассислар Андижон давлат тиббиёт институти фаолияти билан яқиндан танишишиб, тиббиёт соҳасидаги билимларини чуқурлаштириш мақсадида ўзаро фикрлар алмашишди.

Тиббий кўрикдан ўтганларга хорижлик мутахассислар ўзлари билан олиб келган дори-дармон ва санитария-гигеина воситаларини беморларга бепул тарқатишди.

“Sog`lom avlod uchun” халқаро хайрия фонди ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган журналист ва муҳбирларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Мулоҳаза билдириш