Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги ишларда нафақат давлат ташкилотлари, балки нодавлат ташкилотларининг ҳам алохида ўрни бор. “Соғлом авлод учун” ҳалқаро хайрия жамғармаси ҳам оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу мақсадда, жамғарма томонидан бемор болаларни чет эл нуфузли клиникаларида даволаш махсус дастури ишлаб чиқилган.
Ҳар қандай миллатнинг асосий бойлиги – оналар ва болалар саломатлигидир. Шундай экан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллат келажагини муҳофаза қилиш билан баробардир.
2002 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти биргаликда уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти 1967 йили ташкил топган бўлиб, дунёдаги 35 дан ортиқ давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш билан шуғулланадилар. 2002-2013 йиллар давомида 218 нафар Ўзбекистонлик бемор болалар терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволанишди.
Ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағи ҳисобига 2012 йил давомида республика бўйича жами 160 нафар туғма лаб танглай нуқсони бўлган ногирон болаларда 18 570 минг сўм маблағ доирасида жарроҳлик операциялари ўтказилди.
Шу билан бир қаторда “Чиройли оёқчалар” лойихаси доирасида туғма оёқ нуқсони (маймоқлик) ва “Қийшиқ бўйин” ташхиси билан 15 ёшгача бўлган болаларни операция қилиш мақсадида 2012 йил давомида 250 нафар бемор болалар операция қилинди ва жами харажат 23,250 минг сўмни ташкил этди.
2013 йил 13 феврал куни соат 13:00 да Тошкент Халқаро Аэропорти (VIP залга 10:30 дан 11:30 гача ОАВ ходимлари киришларига рухсат этилади)да қуйидаги 12 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун жамғарманинг вакиллари хамрохлигида Германияга жўнаб кетишди.
Т/р | Ф.И.Ш. | Туғилган йили | Манзил |
1. | Холмуҳаммедова Шахноза | 2003 | Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани |
2. | Нурбоев Бехруз | 2006 | Самарқанд вилояти Булунғур тумани |
3. | Обламуродов Шахзод | 2001 | Тошкент вилояти Бекобод тумани |
4. | Соибназаров Мафтунбек | 2000 | Навоий вилояти Навбаҳор тумани |
5. | Кирилов Данил | 2002 | Тошкент шаҳри Миробод тумани |
6. | Акрамов Ахрорбек | 2009 | Андижон вилояти Мархамат тумани |
7. | Хасанова Мохира | 2001 | Тошкент шаҳри Яккасарой тумани |
8. | Ўралов Отабек | 2009 | Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани |
9. | Эшқувватова Зиёда | 2006 | Самарқанд вилояти Пайариқ тумани |
10. | Жамоллиддинов Муҳаммаддиёр | 2007 | Фарғона вилояти Бувайда тумани |
11. | Дўстмуродова Камола | 2000 | Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани |
12. | Суванова Шахноза | 2000 | Жиззах вилояти Зарбдор тумани |
“Соғлом авлод учун” жамғармаси ана шундай хайрли ишларни ташкил этишида яқиндан ёрдам бераётган барча хомий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради ва келажакдаги ҳамкорликка чорлайди.