Соғломлаштириш дастури амалда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги ПҚ-1920-сонли Қарори билан тасдиқланган “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг 29-бандига мувофиқ, имконияти чекланган ва кам таъминланган оилалардаги 310 нафар ногирон болаларни республика клиникаларида жарроҳлик йўли билан даволаш борасидаги ишларда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг алоҳида ўрни бор. Жамғарма оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу мақсадда, Жамғарма томонидан бемор болаларни чет эл нуфузли клиникаларида даволаш учун махсус дастур ишлаб чиқилган. 2002 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти томонидан уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти 1967 йили ташкил топган бўлиб, 35 дан ортиқ давлатлар билан ўзаро хамкорлик қилади. Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш билан шуғулланадилар. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки ўтган йилнинг 4-9 апрел кунлари Германиялик мутахассислар томонидан Республикамиз вилоятларидаги жами 455 нафар бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 46 нафар бемор болаларнинг ҳужжатлари Германия клиникаларида даволаш учун танлаб олинган эди. Жорий йилнинг 13 феврал куни эса Тошкент Халқаро Аэропортидан 12 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун жамғарма вакиллари ҳамрохлигида Германияга жўнаб кетишиб, ўтган йиллар давомида жамғарма томонидан Германияга даволаниш учун жўнатилган 12 нафар бемор болалар даволаниш курсларини ўтаб, соғломлаштирилиб юртимизга қайтишди. Ушбу ҳамкорликнинг давоми сифатида жорий йилнинг 18-25 апрел кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 апрелдаги № 10/103-85-сонли тасдиқланган Дастури доирасида Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти мутахассислари Республикамизнинг Жиззах ва Сирдарё (19 апрел куни Жиззах шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида), Самарқанд ва Навоий (20 апрел куни Самарканд шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида), Қашқадарё ва Сурхондарё (21 апрел куни Қарши шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида), Бухоро ва Навоий (22 апрел куни Бухоро шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида) вилоятларидаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек 24-апрел куни жамғарма Тиббий-ижтимоий маркази (Юнусобод тумани Ш. Рашидов кўчаси 94а уй)да Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижаларига кўра энг оғир деб топилган бемор болалар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача бўлган вақтга жўнатилади. “Соғлом авлод учун” жамғармаси ана шундай хайрли ишларни ташкил этишида яқиндан ёрдам бераётган барча хомий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради ва келажакдаги ҳамкорликка чорлайди.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари