Корея Республикасининг Ин Ха Университетидан ташриф буюрган малакали шифокорлар томонидан беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Сизга маълумки, “Соғлом авлод учун” жамғармаси бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш учун бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2012 йил давомида жамғарма мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Жанубий Кореянинг “Save the Children” халқаро жамғармаси, Корея халқаро соғлиқни сақлаш KOFIH жамғармаси, Ин Ха университети госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирди.

Жумладан, жамғарма узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Ҳамкорлик битимлари доирасида “Соғлом авлод учун” жамғармаси қошидаги Тиббий-ижтимоий марказида замонавий тиббиёт асбоблари билан таъминланган янги бино қурилди. Республикамизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур тиббий ёрдамларни кўрсатиш каби мақсадларни кўзлаган ҳолда замонавий тиббиёт техникаси билан жиҳозланган 214,3 минг АҚШ доллари қийматидаги “Hyundai” русумидаги мобил клиникаси жамғарма Ҳудудлараро кўчма тиббий ижтимоий патронаж бригадасига тақдим этилди. Шунингдек жамғарманинг 20 йиллигига Корея халқаро соғлиқни сақлаш KOFIH жамғармаси томонидан 25,3 минг АҚШ долларига тенг бўлган “Hyundai H1” русумидаги мобил клиника Навоий вилояти Тиббий ижтимоий патронаж бригадасига берилди.

Бундан ташқари, Корея Республикаси билан бир қатор соғломлаштириш дастурлари амалга оширилиб келинмоқда. Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21 май 2013 йилда тасдиқланган 10-6-4 сонли ташриф Дастури асосида жорий йилнинг 16-23 июнь кунлари Корея Республикасининг Ин Ха Университети госпитали малакали шифокорлари (18 нафар кардиолог, педиатр, ортопед, офтальмолог, фармацевт ва бошқа мутахассислар) томонидан Республикамизнинг бир неча ҳудудларида: (17-июнь куни Жамғарманинг Тиббий-ижтимоий маркази (Юнусобод тумани Ш.Рашидов кўчаси 94а уй) ва Республика офталмология клиник шифохонасида, 18 июнь куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Суранкент қишлоғи “Ариран” қариялар уйида ва 19-21 июнь куни Навоий шаҳри Аеропорти биносида) беморларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2012 йилнинг 6-13 июль кунлари Корея Республикасининг Ин Ха Университети госпитали малакали шифокорлари юртимизга ташриф буюриб, жами 938 нафардан ортиқ аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишган. Оғир деб топилган 3 нафар бемор Корея Республикаси нуфузли клиникаларида соғломлаштирилиб юртимизга қайтишган.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва хомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган журналист ва мухбирларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари