Қандли диабет билан касалланган бемор болалар ва ўсмирлар учун ҳайрия акцияси

Республикамиз мустақилликка эришгандан буён юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида самарали ислохатлар амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида аҳоли саломатлигини сақлаш айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида Давлат Дастурлари ва ўнлаб Ҳукумат Қарорлари қабул қилинди. Аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 июлдаги «2009-2013 йилларда ахолининг репродуктив саломатлигини мустахкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора тадбирлари Дастури тўғрисида» ПК-1144-сонли қарори доирасида жамғарма бемор болалар ҳамда кам таъминланган оила фарзандларига амалий кўмак бериш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилада тиббий маданиятни ошириш, аёллар соғлигини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 14 ноябр куни “Соғлом авлод учун” Ҳалқаро ҳайрия жамғармасининг ташаббуси билан қандли диабет билан касалланган бемор болалар    ва ўсмирларучун ҳайрия акциясини ташкил этди.

Ушбу  ҳайрия акциясида Тошкент шаҳридан жами 15 нафар бемор болалар учун озиқ-овқат ва инсулин шприцлар топширилди.

Бутун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабарларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 200 миллионга яқин одам қандли диабет касали билан хасталанган. 1991 йилдан бери “инсулин” моддасининг кашфиётчиси Фредерик Бантинг таваллуд топган сана (14 ноябр) “Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни” сифатида нишонланади. Умуман олганда, бу янги касаллик эмас. Қандли диабет касаллиги ҳақидаги маълумотлар милоддан аввалги биринчи асрда Цельс ва Арет каби юнон шифокорларининг қайдларида учрайди.

Кўп йиллар давомида одамлар бу касаллик билан қандай курашишни билмас эдилар. “Қандли диабет” ташхиси беморга нафақат тузалиб кетишга, балки яшашга ҳам умид қолдирмас эди. 1922 йилнинг январ ойида канадалик ёш олим Фредерик Бантинг инсулин моддасини инъекция қилиб ушбу касалликнинг оғир формаси билан хасталанган 14 ёшли боланинг хаётини сақлаб қолади. Инсулин моддасига патент олиш ўрнига Бантинг барча ҳуқуқларни Торонто университетига беради. Кейинчалик барча ҳуқуқлар Канаданинг тиббиёт тадқиқот кенашига берилади ва 1922 йил охирида янги дори воситаси сотувга чиқади.

Гарчи қандли диабет касали бугунги кунда ҳам тўлиқ даволанмаса-да, инсулин моддаси ёрдамида бу касалликни назоратда ушлаб туриш мумкин. Бу кашфиёт миллионлаб инсонларнинг ҳаётини асраб қолишга имкон яратди.

“Соғлом авлод учун” Халқаро ҳайрия жамғармаси ушбу ҳайрия акциясини ёритишда ёрдам берган барча оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари