Чет тилларни ўқитиш такомиллашмоқда

ЎзА, М.Сулаймонов, 24.10.2013 16:47

Фарғона давлат университети қошидаги академик лицейда хорижий тиллар замонавий таълим андозаларига мувофиқ, илғор педагогик услубларда ўқитилмоқда.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида хорижий тилларни ўргатишда таълим сифатига муҳим эътибор қаратилаётир. Фарғона давлат университети қошидаги академик лицейда бу борада яхши тажриба тўпланган. Аниқ фанлар, ижтимоий-гуманитар, табиий фанлар ҳамда хорижий филология йўналишлари бўйича 563 нафар ўқувчи таҳсил олаётган ушбу лицейда инглиз ва француз тиллари чуқур ўргатилади.
– Ўқувчиларга хорижий тилларни ўргатишда янги педагогик технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди академик лицей директори Илҳомжон Мамажонов. – Синф хоналари замон талаблари асосида таъмирдан чиқарилди ҳамда ўқув жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди. Олти нафар ўқитувчимиз Фарғона давлат университетидаги минтақавий марказда малака ошириб қайтди.

Лицейда турли тўгараклар фаолияти, дарсдан ташқари мунтазам қўшимча машғулотлар ўтиш ҳам йўлга қўйилган. Ахборот-ресурс марказида чет тилларни ўрганиш бўйича электрон адабиётлар каталоги шакллантирилмоқда. Компьютерлар интернетга уланган бўлиб, ёшларнинг тил ўрганишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Ёшларнинг чет тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш биз педагогларга ҳам катта масъулият юклайди, – дейди лицейнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Нигора Мўйдинова. – Ўқувчини тўғри талаффуз қилишга мажбурлаш ёки грамматик хатосини тўғрилаш билан тил ўргатиб бўлмайди. Дарсларни мулоқот тарзида, кўпроқ машқ-ўйин услубида олиб борамиз. Дарс жараёнида хорижий тилларда намойиш этиладиган телекўрсатувлардан фойдаланиш ҳам яхши самара бермоқда.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари