Омборлар маҳсулот билан тўлдирилмоқда

ЎзА, Т.Бекназаров, 29.10.2013 17:20

Жиззах вилоятида 2013-2014 йиллар қиш-баҳор ойлари учун мева-сабзавот маҳсулотлари захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жами 20 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага қўйиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача омборларда 15 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот жамланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелда қабул қилинган “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда ишлаб чиқилган махсус дастурга кўра, қиш-баҳор ойларига мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун жойларда махсус омборхоналар тайёрланмоқда.

2012 йилда вилоятда умумий сиғими 3 минг 150 тонна бўлган 6 совуткичли омборхона ишга тушди. Бахмал туманида учта, Ғаллаорол туманида ҳар бирининг сиғими 200-1000 тонна бўлган 4 совуткичли омборхона ташкил этилди. Жорий йилда Фориш туманида сиғими 500 тонна бўлган янги омборхонанинг ишга туширилиши вилоятдаги йирик қувватли омборхоналар сонини 18 тага етказди. Бундан ташқари, вилоятдаги корхона ва муассасаларда, бозорларда 500 турли сиғимдаги омборхона ва ертўлалар, мослаштирилган иншоотлар мавжуд. Айни кунларда тайёрловчи, таъминотчи, улгуржи савдо ташкилотлари, ижтимоий муассасалар, бозорларда қиш ва баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаш ишлари давом этмоқда.

Вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилда аҳоли ва ижтимоий муассасалар эҳтиёжи учун 4,9 минг тонна картошка, 3,8 минг тонна пиёз, 2,7 минг тонна сабзи, 1,8 минг тонна карам, 3,1 минг тонна мева, 2,1 минг тонна полиз, 900 тонна гуруч, 700 тонна дуккакли маҳсулотлар захираси тайёрланиши режалаштирилган.

Ижтимоий соҳа муассасаларида мева-сабзавот захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Халқ таълими тизими учун 890,4 тонна, соғлиқни сақлаш муассасаларига 354,3 тонна, ижтимоий таъминот йўналишига 79,6 тонна маҳсулот захираси жамланади. Бу маҳсулотларни қишга тайёрлаш “Ўзулгуржисавдоинвест” компаниясининг вилоят бўлими ва фирмалар орқали амалга оширилмоқда.

– Қишги эҳтиёж учун жами 12,9 тонна маҳсулот зарур, – дейди Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Баҳром Суюнов. – Маҳсулотларни “Олға” махсус тайёрлов фирмаси орқали олмоқдамиз. Маҳсулотлар махсус омборхонада сақланмоқда.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари