Истеъдод ва маҳорат мактаби

ЎзА, Назокат Усмонова, 29.10.2013 17:24

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида “Истеъдод мактаби” V Республика ёш ижодкорлар семинари ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан адабиётга меҳри баланд йигит-қизлар иштирок этмоқда.

Семинарда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири А.Орипов, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси К.Каримов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий адабиётимизни равнақ топтириш, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшган адиб ва шоирлар маънавий меросини ўрганиш, ижодини ёш авлод ўртасида кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бу жараёнда адабиёт оламига ўз сўзи, ўз овози билан дадил кириб келаётган истеъдод соҳибларини аниқлаш, илк машқларини нашр этиб, адабий жамоатчилик ва халқимизга яқиндан таништириш масаласи – доимий эътиборда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёш шоир ва ёзувчилар, драматурглар, таржимонларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Анъанавий “Истеъдод мактаби” Республика ёш ижодкорлар семинаридан кўзланган мақсад ҳам адабиётга ҳаваси баланд ёшларга зарур йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бериш, ижодини кенг адабий жамоатчилик назаридан ўтказишдан иборат.

Семинар иштирокчиларидан бири – Ойжамол Жўлдосбоева Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицейда таҳсил олади.

– Мамлакатимизда биз, ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятимизни рўёбга чиқариш учун барча шароит яратилган, – дейди ёш шоира О.Жўлдосбоева. – Мазкур семинар таниқли ёзувчи ва шоирлар билан мулоқотда бўлиш, уларнинг тавсия ва маслаҳатларини олиш имконини беради. Бу биз, ёшлар учун ғоят фойдалидир.

Олтмиш нафардан ортиқ ёш ижодкор иштирок этаётган семинар машғулотлари давомида ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, публицистлар, драматурглар томонидан маҳорат сабоқлари ўтказилади. “Биринчи китобим” ижодий лойиҳаси доирасида илк китоблари нашр этилган ёшлар билан учрашувлар, уларнинг ижод намуналаридан иборат “Созимда Ватан васфи” тўпламининг тақдимоти ўтказилиши кўзда тутилган.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари