Маҳалла обод – мамлакат обод

ЎзА, Т.Бекназаров, 29.10.2013 15:36

Бугунги кунда Жиззах вилоятида 306 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини Жиззах вилояти қишлоқ ва маҳаллаларининг янада обод бўлиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу ўзгаришлар маҳаллаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида, барпо этилаётган янги ижтимоий, маданий, ишлаб чиқариш иншоотларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар маҳаллаларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш билан бирга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятда 1 минг 600 дан зиёд намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар барпо этилиб, йигирмадан ортиқ янги маҳаллалар ташкил этилди. Массивларда коммунал, савдо, маданий-маиший мажмуалар, кенг ва равон йўллар барпо этилаётгани аҳолига катта қулайлик яратмоқда.

– Маҳалламизда намунавий лойиҳалар асосида қурилган 50 янги уй-жой билан бирга замонавий инфратузилма иншоотлари, болалар спорт майдончаси ташкил этилгани одамларимизнинг дунёқарашини, ҳаётга муносабатини ўзгартирмоқда, – дейди Ғаллаорол тумани Сарбозор маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Шарофат Элмуродова. – Бу Юртбошимиз томонидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Обод турмуш йили” Давлат дастури асосида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан фуқаролар йиғинлари махсус мебель ва компьютер жамланмалари билан таъминланди.

Бундай эзгу ишлар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчиларининг обрў-эътибори ва масъулиятини оширмоқда.

Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган сайловларда 306 маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 3 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади. Айни кунларда вилоятда ушбу ижтимоий-сиёсий жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари