Спортчиларимизнинг янги рекордлари

ЎзА, Байрам Айтмуродов, 25.02.2014 11:56

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида давом этаётган паралимпиячилар ўртасидаги енгил атлетика бўйича Гран-при турнирида спортчиларимиз яна Осиё рекордини янгилади.

Нуфузли мусобақанинг эркаклар ўртасидаги 1500 метр масофага югуриш баҳсида ҳамюртимиз Фахриддин Ҳамроев 4 дақиқаю 03,94 сония натижа билан Осиёнинг янги рекордини ўрнатган эди. 800 метрга югуриш мусобақасида иштирок этган истеъдодли спортчимиз маррага 1 дақиқаю 53,20 сонияда етиб келиб, биринчи ўринни эгаллади ва қитъа рекордини янгилади. Шунингдек, спортчимиз Убайдулла Имомқулов 1500 метр масофага югуришда 4 дақиқаю 37,37 сония натижа билан олтин медални қўлга киритди.

Узунликка сакраш мусобақасида Фаррух Мирзақулов 6,36 метрга сакраб, кумуш медалга муносиб топилди.

Осиёнинг яна бир рекорди Ёқутхон Холбекова томонидан ўрнатилди. Ҳамюртимиз мусобақанинг хотин-қизлар ўртасидаги 800 метрга югуриш баҳсида 2 дақиқаю 22,62 сония натижа кўрсатиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари