“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.
Сизга маълумки, “Соғлом авлод учун” фонди бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш учун бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2015 йил давомида фонд мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг “Save the Children” халқаро фонди, Корея халқаро соғлиқни сақлаш KOFIH фонди, “Siloam Сenter for the Blind” ва “Vision Care Servise” халқаро ташкилотлари, Ewha Womans University, Ин Ха ва Бундан Ча Университетлари госпиталлари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари, кўз соҳасидаги касалликлар ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирди.
Жумладан, фонд узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Фонд жорий йилдан бошлаб Корея Республикасининг “Vision Care Servise” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Корея Республикасининг ушбу ташкилоти билан офтальмология соҳасидаги хайрия акцияси 2014 йил 14-16 апрел кунлари Фарғона шаҳридаги Фарғона вилояти офтальмология клиникасида Осиё санъат ва ривожлантириш институти билан “Daewoo International” корпорацияси ҳомийлиги кўмагида ташкил этилган. Хайрия акцияси давомида жами 250 нафар аҳоли (катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш борасидаги беморларга дори-дармонлар, кўзойнаклар тарқатилган) офтальмологик тиббий кўрикдан ўтказилган 84 нафар оғир деб топилган катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш борасидаги беморлар жарроҳлик амалиёти орқали соғломлаштирилган. Шунингдек, жорий йилнинг 18-20 май кунлари “Vision Care Servise” халқаро ташкилоти шифокорлари Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида жами 707 нафар кўз соҳасида касаллиги бўлган беморлар офтальмологик тиббий кўрикдан ўтказилди ва 95 нафар беморларда катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, соғломлаштирилди.
Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 22 октябрда тасдиқланган 10/1-139-сонли ташриф Дастури доирасида жорий йилнинг 1-6 ноябр кунлари Корея Республикасининг “Vision Care Servise” халқаро ташкилоти шифокорлари (18 нафар ташкилот ходимлари, офтальмологлар, тиббиёт ҳамширалари, волонтер) томонидан Фарғона вилояти офтолмология шифохонасида 1-6 ноябр кунлари (соат 08:00 дан 19:00 гача) Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида истиқомат қилувчи беморларни катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш борасида умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади ва жарроҳлик амалиётларини ўтказишиб соғломлаштиришади.
Хайрия акцияси давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Vision Care Servise” халқаро ташкилотлари ўзаро келишув меморандуми доирасида жами 300 нафардан ортиқ кўз соҳасида касаллиги бўлган беморлар офтальмологик тиббий кўрикдан ўтказиш ва 80 нафар атрофидаги беморларда катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган.
Тиббий кўрикдан ўтганларга хорижлик мутахассислар ўзлари билан олиб келган дори-дармон ва санитария-гигеина воситаларини беморларга бепул тарқатишди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва хомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган журналист ва мухбирларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.