“Ўзбекистон Республикасида юқори технологияли даволаш-диагностика жиҳозларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш” мавзусида семинар

“Соғлом авлод учун” фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом она – соғлом бола” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Республикамизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом ва маънавий бой, интелектуал салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш борасида ёшларимизни соғлом ва бақувват бўлиб камол топишларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2124-сонли Қарори ҳамда 2014 йил 1 августдаги ПҚ-2221-сонли “Ўзбекистонда аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш Давлат дастури тўғсида”ги Қарорлари ижроси доирасида жадал суратда ишлар олиб бормоқда. “Соғлом авлод учун” фонди хорижий ҳамкорлари билан ўзаро келишувлар, меморандумлар имзолаш орқали юртимизга хориждан дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари ҳамда тиббиёт жиҳозларини олиб келиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тақсимотига кўра республикамиздаги тиббиёт муассасаларига етказиб бермоқда.

Фонд халқаро ҳамкорлик доирасида АҚШнинг “AmeriCares”, “TOMS SHOES” ва “Resource and Policy Exchange” ташкилотлари, Германиянинг “Friedensdorf International” ва “Tovarish – Hilfe fuer kinder” ташкилотлари, Корея Республикасининг Ин Ха, Пундан Ча, Ewha womans университетлари, “Vision Care Servise” ва “Siloam senter for the Blind” ташкилотлари, Корея халқаро соғлиқни сақлаш фонди KOFIH, Сингапур Республикасининг “Smile Asia” ташкилоти, Туркиянинг ТИКА ташкилотлари ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан 2015 йил давомида дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари ҳамда тиббий жиҳозлар келтирилиб, Республикамиздаги тиббий муассасалар, “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саҳоват” уйлари, махсус мактаб интернатларига тарқатилди.

Бу борада Фонд узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, жорий йилнинг 24-26 май кунлари Корея халқаро соғлиқни сақлаш фонди KOFIH кўмагида Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказида соат 10:00-14:00гача биотиббиёт муҳандислари учун “Ўзбекистон Республикасида юқори технологияли даволаш-диагностика жиҳозларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш” мавзусида семинарлар ўтказилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, “Соғлом авлод учун” фонди ва Корея халқаро соғлиқни сақлаш фонди “KOFIH” ўртасида 2012 йил 7 ноябрда имзоланган меморандумга кўра, тиббиёт муҳандисларини ўқитиш ва малакасини ошириш дастури амалга оширилди. Ушбу дастур доирасида 2013-2015 йилларда 10 нафар Ўзбекистонлик тиббиёт муҳандислари Корея Республикасида ўқиб, малака ошириб қайтишди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган журналист ва муҳбирларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари