Жорий йилнинг 1-4 май кунлари дамли ва зарбли чолғу ижрочиларининг “Санъат ғунчалари” II халқаро танлови ўтказилади.
Мазкур танловнинг асосий мақсади Республикамиздаги мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейларида дамли ва зарбли чолғу ижрочилиги бўйича тахсил олаётган ўқувчиларнинг интилишларини янада қўллаб қувватлаш, улар орасидан иқтидорли ёшларни излаб топиш, ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён этиши учун имкониятлар яратиш, ўқувчиларда ўзлари танлаган ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишини янада оширишдан иборат.
Айнан Республика “Санъат ғунчалари” танловида ғолибликни қўлга киритиб, тажриба орттирган ёш ижрочиларининг аксарияти дунёнинг турли мамлакатларида жумладан Италия, Франция, Польша, Озарбайжон, Россия, Сербия, Белоруссия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда ўтказилган халқаро танловларда мувафақиятга эришишди.
Танловнинг нуфузини янада ошириш мақсадида, 2016 йил 10-14 май кунлари мамалакатимизда илк маротаба дамли ва зарбли чолғу ижрочиларининг “Санъат ғунчалари” республика танлови халқаро танлов сифатида ўтказилди.
Халқаро танловда 153 нафар Ўзбекистонлик ёш истеъдодли ижрочилар билан бир қаторда 3 нафар Озарбайжон Республикаси, 13 нафар Қозоғистон Республикаси жами 169 нафар ўқувчи ёшлар ва Япония, Қозоғистон, Россия, Германия давлатлари ҳамда Республикамиздан машҳур санъат арбоблари ҳакамлар хайъати аъзоси сифатида иштирок этишди.
Мазкур халқаро танлов иккинчи халқаро танлов сифатида жорий йилнинг 1-4 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.