“САЛОМАТЛИК ПОЕЗДИ” олис манзиллар сари

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан, соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига тиббий хизмат кўрсатишга давлат миқёсида эътибор қаратилаётганини эътироф этган ҳолда, таъкидлаб ўтиш жоизки, бу ғамхўрликни Республикамизнинг барча ҳудудларида кўриш мумкин. Давлат дастурида кўрсатилган чекка ҳудудлардаги ва бориш қийин бўлган туманлар аҳолисини кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга манзилли мурувват ёрдамини кўрсатиш, Республиканинг экологик ноқулай ҳудудлари аҳолисига, айниқса ёши улуғ кекса онахон-отахонларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси  аҳолиси учун Тошкент – Қўнғирот – Қорақалпоқ – Жаслиқ – Қўнғирот– Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди 2022 йилнинг 10 май-17 май кунлари ташкил этилди.

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида, 2022 йил 10 май куни соат 14:00да Тошкент Марказий вокзалидан йўлга чиқди. Малакали шифокорлар билан бирга жойларда Фонднинг Қорақалпоғистон Республиткаси кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригада ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу хайрия акция давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига инсонпарварлик юклари – дори-дармон, тиббиёт анжомлари, антибиотиклар ва бошқалардан иборат жами 5 млрд. сўмга якин мурувват ёрдамлари етказиб берди.

2022 йил 10 май куни йўлга чиққан “Саломатлик поезди” 11 май кунидан ўз иш фаолиятини бошлади ва бир ҳафта давомида малакали мутахассислар томонидан ёши кекса отахон ва онахонлар, ногирон болалар, хотин-қизлар, боқувчисини йўқотган ва кўп болали оилаларни тиббий кўрикдан ўтказилди, жойларда махсус муассасалар, ёрдамчи мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига мурувват ёрдамларини топширилди, шу билан бир қаторда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи учрашувларни ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари