Ушбу ёрдам 120 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасасига тарқатилиб, мамлакатдаги энг ёрдамга муҳтож фуқаролар, хусусан, туберкулёз ва руҳий саломатлик муассасаларидаги беморлар, ногиронлиги бўлган болалар ва кексаларни 6,5 миллион порция озиқ-овқат билан таъминлайди.
“Ушбу дастур овқатланиш сифатини яхшилаш ҳамда аҳолининг энг заиф қатламлари соғлом ва самарали ҳаёт кечириши учун етарли, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат билан таъминланиши бўйича давом этаётган Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни намойиш этади”, — дейди ўз нутқида USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Ҳоффман.
2010 йилдан бери USAIDнинг Озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 4,4 миллион доллардан ортиқ 1500 тонна озиқ-овқат ёрдами Ўзбекистонга етказиб берилган. Беғараз ёрдам сифатида берилган бу озиқ-овқат маҳсулотлари АҚШнинг нотижорат ташкилоти Resource and Policy Exchange томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда тарқатилади.
Ўзбекистонга олиб келинган ушбу янги инсонпарварлик ёрдами АҚШнинг мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш доирасидаги қиймати 122 миллион доллардан ортиқ узоқ муддатли сармоясининг бир қисми ҳисобланади. Шу билан АҚШ ҳукуматининг сўнгги 20 йил давомида мамлакатга кўрсатган ёрдам миқдори 1 миллиард доллардан ошди.
Бундан олдин USAIDнинг Ўзбекистондаги миссиясига янги раҳбар тайинлангани, USAID Тошкентда экологик ғоялар бўйича талабалар танлови ғолибларини тақдирлагани, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат ёрдами етказиб бергани маълум қилинганди.