2003 йилда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида уч томонлама шартнома тузилди. Шартнома доирасида Республикамиздан 12 ёшгача бўлган бемор болалар Германия клиникаларига операция қилиб даволанишга юборилиши кўзда тутилган эди.
“Friedensdorf International” халқаро ташкилоти 1967 йилда ташкил топган бўлиб, дунёнинг 35дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритиб келдаи. Ташкилотнинг асосий вазифаси 12 ёшгача бўлган бемор болаларни даволаш ва реабилитация қилишда ёрдам беришдан иборатдир.
2003-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасидан 447 нафар бемор болалар даволаниш учун Германияга юборилган (даволаниш муддати 6 ойдан 1,5 – 3 йилгача).
Ўзбекистон республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Германиялик шифокорлар ҳар йили Ўзбекистонга ташриф буюриб, республикамизнинг барча вилоятларидан бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказишади ва Германия клиникаларида даволаниши учун танлаб олишади. Жумладан, 2024 йилнинг май ойида Германиялик шифокорлар томонидан 212 нафар бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 37 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун танлаб олинди. 2025 йилнинг октябрда 8 нафар бемор болалар жарроҳлик амалиётларини ўтказиш мақсадида Германия клиникаларига даволанишга юборилмоқда.
2004 йилдан бошлаб Германиянинг“Friedensdorf International” халқаро ташкилотидан Ўзбекистон Республикасига ажратилган грант маблағлари доирасида соғломлаштириш лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда, 2003 йилдан-2025 йилнинг 9 ойи мобайнида 6995 нафар туғма юз, лаб ва танглайнинг нуқсонлари, шунингдек, бўйин ва оёқнинг туғма ортопедик (қийшиқ бўйин ва маймоқ оёқ) нуқсонлари билан оғриган бемор болалар Ўзбекистон Республикаси клиникаларида (Андижон, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва Тошкент Давлат стоматология институти клиникасида) муваффақиятли операциялар амалга оширилди. Бугунги кунда “Friedensdorf International” (Германия) халқаро ташкилотининг грант маблағлари ҳисобига Ўзбекистон республикаси ва хорижий клиникаларда туғма юрак нуқсонига чалинган бемор болалар ва ўсмирларни соғломлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
2015 йилдан-2025 йилнинг 9 ой мобайнида Туғма юрак нуқсонига ташҳиси билан жами 1008 нафар бемор болалар муваффақиятли операция қилинди, бундан Ўзбекистон Республикаси Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасида юрак нуқсонларининг оғир шакллари бўлган 563 нафар бемор болалар, Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 176 нафар болалар, «Maksud Akmal yurak qon tomir markazi» МЧЖ билан биргаликда (Самарқанд), Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 8 нафар болалар, Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 31 нафар, Ҳиндистоннинг «Артемис» клиникасида 85 нафар болалар, МЧЖ "Эзгу Ният" клиникасида 34 нафар болалар (Тошкент), МЧЖ «ERA MED» клиникасида (Тошкент) 88 нафар болалар, “EurAsia Heart-a Swiss Medikal Foundation” жамғармаси (Швейцария) билан хамкорликда 10 нафар, шунингдек академик В. Вахидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 7 нафар болалар, «AKFAMEDLINE» МЧЖда (Тошкент) 4 нафар болалар, Болалар миллий тиббиёт маркази 1 нафар бола (Тошкент) ҳамда 1 нафар бола «IHLOS-DOCTOR MT» клиникасида (Тошкент) операция қилиндилар. Бугунги кунда ушбу лойиҳа самарали давом эттирилмоқда.
"Соглом авлод учун“ халқаро хайрия фонди Германиянинг «Friedensdorf International» халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида 23 йил давомида мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётларига муҳтож бўлган 447 нафар бемор болалар Германия клиникаларида (даволаниш муддати 6 ойдан 1,5 – 3 йилгача) операция қилиниб, соғломлаштирилди.
Республикамиз клиникаларида жами 6995 нафар бемор болалар операция қилиб соғломлаштирилди.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан ногирон болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган кўп йиллик фидокорона меҳнати учун “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти 2019 - йил 15-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи чоғида 1 - даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.