Ўзбекистон кўплаб йўналишлар каби тиббиётда ҳам ривожланган давлатлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мамлакатимиз шифокорларининг Жанубий Корея мутахассислари билан ўрнатилган яқин алоқалари ҳам соҳа тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Шу кунларда Жанубий Кореянинг “Ewha Womans University” госпитали ходимларидан иборат делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Ташриф дастурига мувофиқ, кореялик меҳмонлар 5 февраль куни эрталаб пойтахтимиздаги Педиатрия-тиббиёт институти ҳамда Республика болалар миллий тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида хорижлик шифокорлар “Соғлом авлод учун” фонди тиббий-ижтимоий марказида пойтахтимиз аҳолисининг эҳтиёжманд қатламига мансуб оилаларни тиббий кўрикдан ўтказди. Икки кунга мўлжалланган ушбу тадбир терапевт, жарроҳ, эндокринолог, педиатр ва бошқа мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда. Кўрик давомида шифокорлар кўрсатмаси бўйича гуманитар ёрдам кўринишидаги дори-дармон ҳам берилади.
Маълумки, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида қатор тадбирлар ўтказиб келмоқда. Қолаверса, давлат дастурлари ижросини таъминлашда жамғарма хорижий давлатлардаги хайрия ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келади. Айниқса, “Соғлом авлод учун” фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жанубий Кореянинг “Ewha Womans University” госпитали билан 2022 йил 24 январдаги шартнома доирасида ушбу муассаса ходимлари ҳар йили республикамизга келиб, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга дори-дармон билан инсонпарварлик ёрдами кўрсатмоқда. Мазкур ташкилот кўмаги билан 2014-2017 йиллар мобайнида жами 3467 киши чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, 35 нафар куйиш асорати билан бемор болаларда пластик операция самарали амалга оширилди.
“Ewha Womans University” госпитали 7-9 февраль кунлари Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳрида ҳам бўлишади.