“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди нодавлат жамоат ташкилоти бўлиб, 1993 йил 23 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармонига биноан ташкил топган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан эътиборан келажак авлод саломатлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болаларнинг жисмоний ва маънавий камол топиши учун қулай шарт-шароит яратиш Ҳукуматимиз ва халқимизнинг доимий эътиборидаги масала бўлиб келаётир. Бу йил ана шундай юксак ном ва эзгу ният, катта масъулият билан фаолият юритаётган Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди 32 ёшга тўлди.
Ўтган давр мобайнида Фонд томонидан амалга оширилган ишлар унинг ижтимоий мақомини ва нуфузини таъминлади. Бу йилларда Фонд ўз мақсадларини амалга оширишда тиббий, гуманитар, тарбиявий ва инвестиция дастурларига таяниб келмоқда. Бу дастурлар Давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Фонд ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда 14 та минтақавий филиал ва 100 дан ортиқ таянч масканлари орқали амалга ошириб келинмоқда. Асосан аҳолига тиббий кўмак, халқаро ҳамкорлик, меҳр-мурувват, маданий-маърифий, ўқув-соғломлаштириш ҳамда спорт йўналишларидаги муҳим дастурлари бўйича қилинаётган хайрли ишлари соғлом авлод камоли учун хизмат қилмоқда.
Фонднинг мақсади ва вазифалари жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандлар тарбиялашни йўлида оналик ва болаликни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик олиб боришдан иборатдир. Шунингдек, Республикамиздаги энг чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли қатламини янада тиббий-ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш, оилаларда соғлом фарзанд туғилиши ва тарбияланиши, уларнинг тиббий психологиясини шакллантириш учун юксак масъулият билан узлуксиз ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, Республикамизда олис, бориш қийин бўлган туманлар аҳолисига тиббий-ижимоий патронаж тизимини яратиш, “Саломатлик” поездларини ташкил этиш, мураккаб тиббий операциялар ўтказилишига муҳтож болаларни етакчи хорижий клиникаларга даволанишга жўнатиш, турли ижтимоий фестиваллар, танловлар, спорт мусобақалари ҳамда ёш авлодни жисмоний, маънавий ва ақлий ривожланишига хизмат қилувчи кўплаб тадбирлар, лойиҳаларни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.
Айни пайтда “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар болалари, етим ва жисмоний имконияти чекланаган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш Фонднинг эътиборида бўлиб келаётир.
Фонд томонидан болалар, айниқса, қизларни спортга жалб этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш; спортнинг теннис, стол тенниси, кураш, футбол, синхрон сузиш, бадиий гимнастика, бадминтон, волейбол ва бошқа турларини тарғиб этишда турли мусобақалар ташкил этилмоқда. Шунингдек, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш учун ёш мусиқачилар ўртасида “Санъат ғунчалари”, миллий чолғулар бўйича “Наврўз садолари”, “Камалак жилоси”, “Ер куррасида тинчлик”, “Мафтункор ранглар жилоси”, “Соғлом авлод маънавият ёғдусида” мавзуларида кўрик танловлар, фестиваллар; болалар ва қизлар спортини ривожлантириш борасида эса спортнинг “Соғлом авлод” кубоги учун, “Бадиий гимнастика”, “Синхрон сузиш”, “Стол тенниси” каби турнирлари; мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Баҳорой”, “Кичкинтой-ширинтой” мусобақалари, экстримал спорт турларини қўллаб қувватлаш бўйича “Чимён экстрим”, “Жасур болалар”, “Ботирлар” ва бошқа турлар бўйинча Республика ва халқаро миқёсида мусобақалар ўтказиб келинаётганлиги ёш авлодга бўлган эътиборнинг натижаси, истиқболли режаларимизнинг қаноти десак муболаға бўлмайди.
Шунингдек, Фонд томонидан халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий ташкилотлардан мурувват ёрдамлари қабул қилиниб, юртимиздаги тиббий-ижтимоий муассасаларга бепул етказиб берилади.
Халқаро ҳамкорлар билан ўзаро шартномалар асосида юртимизга она ва бола скрининги давлат дастури доирасида тиббий инвентарлар ва дори-дармонлар олиб келинди. Шу билан бирга турли даражадаги ногирон болалар хорижда соғломлаштирилади. Шунингдек, улар томонидан ажратилган маблағлар эвазига юртимизда соғломлаштириш дастурлари амалга оширилиб келинмоқда.
Баркамол авлодни тарбиялаш ҳар қандай даврда донишларнинг асосий ва ўта муҳим орзу-умидлари, мақсадларидан бўлган. Зеро, мамлакат келажагини ҳар томонлама соғлом, маърифатли ва билимли авлодлар юксалтирган ва ҳимоя этган. Аждодларнинг юксак азалий орзулари қаторида соғлом авлод тарбияси бугун амалда намоён бўлаётир. Муаззам она заминимизда яшаб ўтган аждодларнинг бой маънавий мероси, тарихимиз, халқимизнинг маърифатли бўлиш, соғлом фарзандлар тарбиялашга интилиш хислати азалдан юксак бўлган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.
2025 йил 23 апрель “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди нодавлат жамоат фонди 32 йиллик санасини нишонламоқда. Шу муносабат билан барча шу тармоқда ишлаб келаётган барча фидлокор ходимларни табриклаб қоламиз.
Фонд билан ҳамкорликда ўз фаолиятида эзгу ғоя ва мақсадларни амалга ошираётган хорижий ва маҳаллий ҳамкорларга ўз миннатдорчилигини изҳор этади!