Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига “Саломатлик” поезди 17-23-май кунлари ташкил этилди

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан, соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига тиббий хизмат кўрсатишга давлат миқёсида эътибор қаратилаётганини эътироф этган ҳолда, таъкидлаб ўтиш жоизки, бу ғамхўрликни Республикамизнинг барча ҳудудларида кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 февралдаги ПҚ-1717-сонли Қарори билан тасдиқланган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг 48 банди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2009-2013 йилларда репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Давлат дастурида”ги Қарорлари ижросини таъминлаш учун Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи, айниқса, эҳтиёжманд оилаларга инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК биргаликда навбатдаги, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси учун Тошкент–Деҳқонобод–Акробод–Дарбанд–Қумқўрғон–Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди 17-23-май кунлари ташкил этилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида Навоий вилояти аҳолиси учун Тошкент-Тинчлик-Конимех-Қара-қата-Мустақиллик-Бузоубой-Учқудуқ II-Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди ташкил этилган эди. Мазкур поезд мутахассислари томонидан 1046 нафар аҳоли чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, 1991 нафар аҳолига ҳамда вилоятнинг 26 та ташкилот ва муассасаларига 26,8 млн. сўм миқдоридаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва 423,2 минг АҚШ доллари қийматидаги дори-дармон, тиббий жиҳозлар, санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилди.

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 17 май куни соат 08:05 да Тошкент шимолий вокзалидан йўлга чиқади. Ушбу малакали шифокорлар билан бирга жойларда жамғарманинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари Тиббий ижтимоий патронаж бригада ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига қиймати 392,9 минг АҚШ доллари ва 31,5 миллион сўмга тенг инсонпарварлик юклари (200 дона озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат пакетлар, кийим-кечаклар, дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари ҳамда тиббий функционал кроватлар ва бошқалар)дан иборат мурувват ёрдамлари етказиб берилади.

Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган ДеҳқонободАкробод–Дарбанд–Қумқўрғон станцияларига яқин ҳудудларидан ташқари “Соғлом авлод учун” жамғармаси Қашқадарё ва Сурхондарё вилоят филиалининг автоамбуланс машинаси орқали худуддаги барча “Мурувват”, “Меҳрибонлик”, “Саҳоват” шу билан бир қаторда марказий шифохоналар, вилоят болалар туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

17 май куни йўлга чиқувчи “Саломатлик” поезди ўз ишини 18 май кунидан бошлайди ва бир ҳафта давомида малакали мутахассислар томонидан ногирон болалар, хотин-қизлар, боқувчисини йўқотган ва кўп болали оилаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, жойларда махсус муассасалар, ёрдамчи мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига мурувват ёрдамларини топшириш, шу билан бир қаторда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи давра суҳбатлари, учрашувларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад-экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

Тадбир хомийлари: АҚШнинг “Амери Керз”, “Томс Шутс”, “Каунтерпарт”, Корея Республикаси KOFIH халқаро хайрия жамғармалари, ОАЖ “Novopharmf plus” қўшма корхонаси, “Ўзфармсаноат” ДАК, “Дори-дармон” АК, ОАЖ “Нестле-Ўзбекистон” Қўшма корхонаси, ОАЖ “Поль-фарма”, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, МЧЖ “Дори таъминот” ва бошқалар.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish