“Мурувват уйи” тарбияланувчилари томонидан хайрия тадбир

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мурувват йўналишида хайрия тадбирларини амалга ошириш, ўз Низоми ҳамда Давлат Дастурларининг ижросини таъминлаш мақсадида Республикамиздаги тиббий-ижтимоий  муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саховат” уйлари, махсус-мактаб интернатлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, жамғарма томонидан юртимизда нишонланадиган кўплаб байрам тадбирларида  “Мурувват уйи”, “Мехрибонлик уйи” ва болалар махсус мактаб интернатлари учун қатор маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш, хусусан, умумтаълим мактабларида ташкил этилган ҳарбий синф ўқувчиларини тадбирларга жалб қилган ҳолда соғлом ва носоғлом муҳитда тарбияланаётган ёшлар ўртасида дўстона муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир кунга қадар эса бу каби кўплаб дўстона тадбирлар ташкил этилди.

Жамғарма томонидан мазкур хайрли ишларни давом эттириш мақсадда, жорий йилнинг 30 август куни 2-сонли “Мурувват уйи”да “Мурувват уйи” тарбияланувчилари томонидан саҳналаштирилган мусиқий чиқишлар ва рақсларининг намойиши бўлиб ўтади. Шунингдек, тадбир доирасида “Соғлом авлод учун” жамғарма томонидан ўз истеъдодларини намойиш этган барча иштирокчиларга жамғарма томонидан совғалар тарқатилади.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – ногиронлар учун кенг қулайликлар яратиш ва кенг жамоатчилик эътиборини ногиронлик муаммоларига жалб этиш. Бундан ташқари, мазкур тадбирлар баробарида болажонларимиз кўнглига байрамона кайфиятни улашиш, уларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишларини таъминлаш, шунингдек соғлом ва носоғлом муҳит тарбияланувчилари ўртасида ўзаро дўстона алоқаларни ўрнатишга қаратилгандир.

“Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, ОАВ орқали ёритишда кўмаклашган барча оммавий ахборот воситалари вакилларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish