“Наврўз садолари” кўп овозли миллий чолғу ансамблларининг VI Республика фестивали

Маълумки, “Соғлом авлод учун” жамғармаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида, давлат муассасалар ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори ижроси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 мартдаги 01/10-6-2-сонли ва 18 мартдаги 10-6-3-сонли мажлис баёнлари ижросини таъминлаш мақсадида жамғарма томонидан бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг 6-8 май кунлари “Наврўз садолари” кўп овозли миллий чолғу ансамблларининг VI Республика фестивали ўтказилади. Фестивалда катта оркестр жамоалари билан бир қаторда, кичик ансамбл гуруҳларининг иштирок этиши, республикамизнинг узоқ нуқталарида ҳам мусиқа оламида ижод қилиб келаётган турли ёшдаги ижодкорларни кенгроқ қамраб олишни таъминлайди. Ушбу фестивал “Обод турмуш йили” ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг 20 йиллигига бағишланади.

2005 йилдан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу фестивал – болалар ва ёшларнинг мусиқий тарбиясига бағишланган Давлат дастурини бажариш, шунингдек республикамизнинг келажакдаги маданиятининг ривожи учун миллий чолғуларимиз ижрочилигида етук кадрлар тайёрлашга йўналтирилгандир. Фестивал иштирокчилари: мактабгача таълим муассасалари, мусиқа ва санъат мактаблари, санъат лицей ва коллежлари, олий мусиқа даргоҳларидаги оркестр ҳамда ансамбллар билан биргаликда, профессионал жамоалардан ташкил топгандир. Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилояти, Сурхандарё, Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ҳамда Сирдарё каби шаҳар ва вилоятлардан 54 дан ортиқ жамоалар қатнашиб, умумий иштирокчилар сони 1000 нафардан зиёддир. Бу йилги фестивалнинг хусусияти шундаки, Андижон вилояти Пахтаобод туманининг 21-сон мактабгача таълим муассасининг болалар ансамбли биринчи марта иштирок этади. Шу билан бирга танлов учун ажратилган композиторлар ижодиётидан асарлар анча мураккаблашган. Ўтган йили ўтказилган фестивал – танлов натижалари ёш ижрочилар махоратини ўсишига анча ёрдам берди.

Фестивал ташкилотчилари: “Соғлом авлод учун” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги, “Суғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри, Ўзбекистон Давлат Консерваторияси, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ва “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси.

Фестиваль ўтказиш тартиби: (Ўзбекистон Давлат консерваторияси)

6 май. 09:00 – 09:45 (116-аудитория) Пресс – конференция.

09:45 – 10:00 Миллий чолғулар кўргазмаси (Консерватория фойеси)

10:00 – 10:40 Фестивалнинг очилиши.

10:40 – 13:00 Кўповозли ансамбл ва оркестрларнинг чиқишлари (Катта зал)

13:00 – 14:00 Танаффус

14:00 – 18:00 Ансамбл ва оркестрларнинг чиқишлари (Катта зал)

18:00 – 18:30 “Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестрининг концерти

7 май. 9:00 – 13:00 Ансамбл ва оркестрларнинг чиқишлари (Катта зал)

14:00 – 15:00 Т.Жалилов номидаги халқ чолғулари оркестрининг концерти

15:00 – 18:00 Ансамбл ва оркестрларнинг чиқишлари (Катта зал)

8 май. 09:00 – 12:00 Ансамбл ва оркестрларнинг чиқишлари (Катта зал)

12.00 – 13.00 Д.Зокиров номидаги халқ чолғулари оркестрининг концерти

14:00 – 15:30 Маҳорат дарслари (217,218,219,116 хоналар)

16.00 Ғолибларни тақдирлаш маросими ва Гала концерт

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish