Ҳалол меҳнат ва яхшилик умрни узайтиради

ЎзА, Ф.Убайдуллаев, 07.05.2013 16:34

Халқимизнинг ўтганлар хотирасини ёдга олиш, кекса инсонларни эъзозлашдек олижаноб қадрияти Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жойларда ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирларда янада яққол намоён бўлмоқда. Мазкур тадбирларни уюшқоқлик билан, кўтаринки руҳда ўтказишда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Зеро, ҳар жабҳада бизга ўрнак бўлаётган табаррук инсонларни ҳар қанча эъзозласак, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатсак арзийди. Чунки ана шу инсонларнинг ҳаёти биз учун ибрат, ҳаёт мактабидир.

Андижон вилояти Балиқчи тумани Бўстон қишлоғида яшовчи 104 ёшни қаршилаётган Зайнаб момо Исабоева ҳам ана шундай табаррук онахонлардан. Каттаю кичик бу мўътабар зотни зиёрат қилишга, онахоннинг суҳбатидан баҳраманд бўлишга, дуосини олишга интилади. Бундай суҳбатга эришган ҳамқишлоқлар ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни мақсад-муродига, эъзозу эҳтиромга етказишига яна бир бор амин бўлади.

– Сидқидилдан қилинган меҳнат, кўнгил хотиржамлиги, одамларга яхшилик қилиш инсон умрини узун ва зийнатли қилади, – дейди Зайнаб момо. – Ўтаётган умримга шукр қиламан. Невара, чевараларим атрофимда парвона, давлатимиз биз каби кексаларга ҳурмат ва ғамхўрлик кўрсатмоқда. Айниқса, бугунги тўкинлик, ободончиликни кўриб, кўнглим яйрайди.

 

Javob berish