Саломатлик поезди жўнаб кетди

ЎзА, Б.Хидирова, 24.03.2014 16:39

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳамкорлигида Навоий вилоятига саломатлик поезди жўнатилди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар оналик ва болаликни муҳофазалаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир. «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Мазкур давлат дастурида белгиланган тиббий-ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам фаол иштирок этмоқда.

Навоий вилоятига жўнатилган саломатлик поездидаги озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват юкларини шакллантиришда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Diva-teks”, “Braibanti tecnology”, “Jahon invest plast”, “Diyor biznes” масъулияти чекланган жамиятлари, “Nestle-Uzbekistan”, “Remedi” қўшма корхоналари, АҚШнинг “Ameri Cares” ва “Toms Shoes” ташкилотлари яқиндан кўмак берди.

Саломатлик поезди таркибидаги шифокорлар жорий йилнинг 1 апрелига қадар Навоий, Тинчлик, Конимех, Қара-Қата, Мустақиллик, Қизилқудуқ, Бузаубай ва Учқудуқ II станцияларига яқин ҳудудларда яшайдиган аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади. Шу билан бирга, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Навоий вилояти филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси орқали ҳудуддаги марказий ва болалар шифохоналари, туғруқ мажмуалари, болалар махсус мактаб-интернатларига хайрия ёрдами кўрсатиш режалаштирилган.

Тадбир давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга оид кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари ташкил этилади.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари