Мусобақа фестивалга уланиб кетди

29.07.2014 16:00

Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрами тобора яқинлашиб келмоқда. Шу муносабат билан жойларда турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилаётир.

Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Қуёшли» оромгоҳида бўлиб ўтди. «Ягонасан муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» шиори остида ўтган тадбирда тумандаги «Фазогир», «Конструктор», «Чотқол», «Сокол», «Билдирсой» ва «Қуёшли» оромгоҳларида ҳордиқ чиқараётган болалар футбол, волейбол, сузиш, стол тенниси, шахмат-шашка, енгил атлетика ва арқон тортиш бўйича ўзаро куч синашди.

Ушбу мусобақада умумжамоа ҳисобида мезбонлар – «Қуёшли» оромгоҳи болалари биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар «Конструктор» ва «Билдирсой» оромгоҳларида дам олаётган ўғил-қизларга насиб этди.
– «Сокол» оромгоҳида дам олмоқдаман, – дейди пойтахтлик Аброр Мансуров. – Оромгоҳимизда ўтказилаётган турли тадбирлар, жумладан, спорт мусобақалари ҳар бир кунимиз мазмунли, қизиқарли воқеаларга бой ўтишини таъминламоқда.
«Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида ўтказилган мазкур спорт байрами санъат фестивалига уланиб кетди. Унда болажонлар қўшиқчилик, рақс ва бошқа йўналишлар бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
Ушбу тадбирларда юқори натижаларни қўлга киритган ёш истеъдод соҳиблари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

ЎзА, Б. Ҳидоятов

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари