Йўловчилар учун янги қулайликлар

04.08.2014 21:03

Йўловчилар учун янги қулайликлар

Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида иш бошлаган янги автовокзал ва автостанцияларда пойтахтимизни Фарғона водийси билан боғловчи йўналишли таксиларда йўловчи ташиш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги маълумотларига кўра, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Қамчиқ довони орқали кунига минглаб транспорт воситалари қатнайди. Уларнинг аксарияти йўловчи ташиш билан шуғулланаётган енгил автомобиллардир. Жумладан, тоғли ҳудудлар орқали ўтадиган йўлнинг узоқлиги ҳайдовчиларнинг маҳорати ва транспорт воситаларининг техник ҳолатига нисбатан алоҳида талаблар қўймоқда.

Пойтахтимиздан Фарғона водийсининг йирик шаҳарларига янги йўналишлар ташкил этилиши Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг яна бир ёрқин самарасидир. Бунинг натижасида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифати ва хавфсизлиги сезиларли даражада ошиб, йўловчи транспорти соҳасида бозор муносабатлари ва рақобат янада кучаймоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 9 мартда қабул қилинган “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тегишли лицензияга эга юридик шахсларгина йўловчи ташиши мумкин. Хусусий автотранспорт воситалари эгалари ушбу автоташувчи корхоналарга аъзо бўлгандан сўнг йўловчи ташиш билан шуғулланмоқда. Улар қонуний асосда фаолият юритиб, иш ҳақи олмоқда, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланмоқда, пенсия таъминотига эга бўлмоқда.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг авторанспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими бошлиғи Тоҳиржон Жамолхўжаевнинг таъкидлашича, дастлабки босқичда Тошкент ва Фарғона войдийси шаҳарлари ўртасидаги янги йўналишлар ушбу ҳудудлар автоташувчиларига бириктирилган. Жорий йилнинг октябрь ойида ўтказиладиган очиқ тендер савдолари ғолиблари ушбу йўналишларда хизмат кўрсатади. Йўловчи ташийдиган автомобиллар умумий техник стандартлар талабига жавоб бериши ва уларни ажратиб турувчи зарур белгиларга эга бўлиши шарт. Жумладан, автомобилнинг том қисмига “YT” белгиси ва тўқ сариқ рангли чироқ ўрнатилиши лозим. Йўналишли таксининг олд эшикларига қора рангли тўртбурчаклардан иборат шахмат тартибидаги белги акс эттирилиб, улар ўртасида айлана ичида “YT” ҳарфлари босилади. Бунда транспорт воситасини маълум бир рангга бўяш шарт эмас. 

Жисмоний шахсларга тегишли йўловчи автотранспорт воситалари ўз вақтида техник, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилмаслиги туфайли кўплаб муаммолар юзага келиши мумкин. Натижада улар нафақат ўзининг, балки йўловчилар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари ҳаётини хавф остига қўймоқда. Пойтахтимиз ва Фарғона водийси ўртасида ҳаракат қиладиган янги йўналишли такси ҳайдовчилари жадвал асосида ишлаётир. Охирги манзилга (автовокзал ва автостанция) етиб келгач, камида тўрт соат дам олиб, йўналишга чиқишдан аввал тиббий кўрикдан ўтади.

Жойларда йўловчи ва ҳайдовчилар учун яратилаётган шароитлар алоҳида эътиборга лойиқ. Масалан, пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги “Водий”, “Наманган”, “Узумзор” (Андижон шаҳри), “Фарғона” ва “Данғара” (Қўқон шаҳри) автостанцияларида йўловчиларга йўналишлар ҳақида барча зарур ахборотни тақдим этадиган маълумотхона хизматлари ташкил этилган. Кутиш учун ажратилган ҳудудлар қулай ўриндиқлар ва дам олиш жойлари билан таъминланган, ошхона ва меҳмонхоналар ишлаб турибди. Тез орада савдо нуқталари ҳам очилади. Автомобиллар учун қўриқланадиган тўхташ жойи, йўловчиларнинг машинага чиқиши учун эса махсус жойлар, тиббий ва техник кўрикдан ўтказиш пунктлари фаолият кўрсатмоқда.

– Айни пайтда автомобиллар тўхташ жойига 600 га яқин автомобилни жойлаштириш мумкин, – дейди “Водий” автовокзали директори Ниғматилла Тошпўлатов. – Автомобиллар сони ва йўловчилар оқимининг кўпайиши муносабати билан туташ ҳудудни кенгайтириш ҳисобидан бу рақам 1000 тага етиши мумкин. Йўловчи ва ҳайдовчилар яратилаётган шароитлардан мамнун бўлишига ишонамиз.

 

ЎзА, Сардор Тожиев, Сарвар Ўрмонов (сурат)

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари