“Она Ватан тарихи” шиори остида “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сонли Қарори билан тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таминлаш ҳамда болажонларимизнинг ёзги таътил кунларини мароқли ўтказиш чора-тадбирлари режаси ижросини таъминлаш мақсадида, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини (кўп болали ва кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва ҳ.к.ларни) “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари васийликка ва ҳомийликка болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар бўйича хайрия ва маданий-маърифий йўналишларда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Бу борада ёш авлодни маданий меросимизни асраб-авайлашга ўргатиш, тарихий қадамжоларга саёҳатни ташкил этиш, диққатга сазовор жойлар билан таништириш мақсадида, фонд ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан бир қатор тадбирлар ўтказилиб унда болалар ва қизлар жалб этилди.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жорий йилнинг 5 июн куни Тошкент шаҳридаги 21, 23 ва     30-сонли “Меҳрибонлик” уйлари ҳамда васийликка ва ҳомийликка олинган жами     50 нафар тарбияланувчилари учун тарихий Самарқанд шаҳрига бир кунлик саёҳат ташкиллаштирилди. Саёҳат давомида болажонлар Регистон майдони, Самарқанд тарихи музейи, Гўри Амир мақбараси ва бошқа тарихий обидалар билан яқиндан танишдилар.

Ушбу тадбир болажонларнинг таътил кунларини янада мазмунли ва мароқли ўтказиш, уларда Ватанга бўлган муҳаббат ва миллий ғурур туйғусини шакллантириш, буюк боболаримиздан қолган меросларни асраб-авайлаш каби мақсадларда ташкил этилган.

Президентимизнинг “Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак” деган сўзларида олам-олам маъно мужассам. Дарҳақиқат, бирор бир инсоннинг кўнглини кўтариш, қўлдан келганча ёрдам бериш ҳақиқий инсоний фазилатдир. Агар бу кўнгил эндигина дунёни англаётган, мурғак қалб бўлса-чи? Унда болаларнинг кўзларидаги қувончни кўриб бу дунёда яшамоқнинг маъносини англагандек бўлади киши.

“Соғлом алвод учун” халқаро хайрия фонди ҳам ана шу нақлга амал қилган ҳолда фаолият олиб боради, ҳамда ана шу эзгу мақсад йўлида ҳамкорлик қилаётган барча ташкилотларга, хусусан тадбир ёритилишида амалий ёрдамини аямаган оммавий ахборот воситалари вакилларига ўзининг самимий миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish