Аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди

Юқори Чирчиқ туманидаги “Бардонкўл” ва “Дўстлик” қишлоқ фуқаролар йиғинлари аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда фонднинг Тошкент вилояти ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш, даволаш муассасалари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Тошкент вилояти ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси томонидан 133 маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг ижтимоий шароити ўрганилди. Бригада шифокорлари 38 қишлоқ врачлик пункти ва 2 кўп тармоқли марказий поликлиникада бўлиб, 8 минг 500 га яқин аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди.

– Текширувларга малакали шифокорлар жалб қилинди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Тошкент вилояти ҳудудий филиали директори Муҳаббат Йўлдошева. – Ёлғиз кексалар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар аъзолари тиббий текширувига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда кенг жамоатчилик иштирокида соғлом турмуш тарзи асослари, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш ҳамда касалликлар профилактикаси юзасидан тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари