“Ҳар бир болага меҳр, эътибор” маданий тадбири

“Соғлом авлод учун” фонди баркамол авлод тарбияси, истеъдодли ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, ота-она меҳридан бебаҳра болаларга меҳр кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 1 июн “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Бу каби тадбирлар ўзига хос сарҳисоб бўлиб, нафақат байрам арафасида, балки йил давомида ўтказилади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 19 майдаги 14/1-220-сонли тасдиқланган 1 июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ҳар бир болага меҳр, эътибор” шиори остида махсус ҳафталикни ташкил этиш тўғрисидаги мажлис баённомаси ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилнинг 6 июн куни соат 11:00 да Тошкент вилояти Зангиота туманидаги болалар аҳлоқ тузатиш колониясида Ўзбекистон Республика Миллий Гвардиясига қарашли Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейининг оркестр жамоаси иштирокида маданий тадбир ташкил этилди. Тадбир доирасида болалар учун фонд томонидан оёқ кийимлар ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан музқаймоқ ҳамда салқин ичимликлардан иборат мурувват ёрдамлари топширилди. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейининг оркестр жамоаси вакиллари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирдан кўзда тутилган асосий мақсад – колониядаги болаларнинг кўнглига илиқлик олиб кириш, уларни байрам муносабати билан табриклаш ҳамда қалбларида озгина фурсат бўлсада озодлик нашидасини улашган ҳолда бундан кейинги ҳаётларида тўғри йўлга бошлашдан иборатдир. Шу йўл орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий ва маърифий даражасини юксалтириш, дунёқарашини шакллантириш, баҳамжиҳатликни ошириш, дўстона муносабатларни ўрнатиш, Ватанга, Онага янада садоқатли, меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялаш, тинчликнинг қадрига етиш каби инсоний фазилатларни такомиллаштиришдир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва хомийларга, ОАВ орқали ёритишда кўмаклашган журналист ва мухбирларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish