«Навруз садолари» Халқаро фестивали

Миллий чолғулар оркестри ва кўп овозли ансамбллари жамоа ижрочилиги – республикамиз мусиқа маданиятидаги энг ёш йўналишларидан биридир. “Наврўз садолари” V халқаро халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамблларининг мусиқа фестивали кўп овозли ижро шаклини ривожлантириш ва янада оммалаштиришга йўналтирилган.

Фестивалда катта оркестр жамоалари билан бир қаторда, кичик ансамбл гуруҳларининг иштирок этиши, республикамизнинг узоқ нуқталарида ҳам мусиқа оламида ижод қилиб келаётган турли ёшдаги ижодкорларни кенгроқ қамраб олишни таъминлайди. Ушбу фестивал Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 12 декабрдаги ЎРҚ-122 сонли “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенсияни ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 06 майдаги ПҚ-3022-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош  Вазири А. Арипов томонидан тасдиқланган 2019 йил 18 мартдаги 01-07/1-1231-сонли “Кўповозли халқ чолғулари ансамбль ва оркестрларининг “Наврўз садолари” номли V халқаро фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги мажлис баёни асосида ўтказилмоқда. Фестивал ташкилий қўмитаси эса фарзандларимизни аввало маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

2007 йилдан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу фестивал – болалар ва ёшларнинг мусиқий тарбиясига бағишланган Давлат дастурларини бажариш, шунингдек республикамизнинг келажакдаги маданиятининг ривожи учун миллий чолғуларимиз ижрочилигида етук кадрлар тайёрлашга йўналтирилгандир. 2019 йилги фестиваль Ташкилий қўмита қарори ҳамда хорижий ҳамкорлар таклифи инобатга олиниб, V маротаба халқаро миқёсда ўтказилмоқда. Фестивал иштирокчилари: мусиқа ва санъат лицейлари оркестр ҳамда ансамбллар билан биргаликда, профессионал жамоалардан ташкил топгандир. Фестивал I босқичи жойларда жами 87 ансамбль, 70 та оркестр ва 2512 нафар иштирокчини ўз ичига олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ғолибликни қўлга киритган санъат ва маданият лицей, коллежлар жамоалари, шунингдек қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон Республикаларидан қатнашиб, умумий иштирокчилар сони 700 нафарга яқин. Уларнинг ёши эса 5 ёшдан 16 ёшгачани ташкил этади. Танлов учун ажратилган композиторлар ижодиётидан ҳар бир йўналиш учун янги шартли асарлар тавсия этилган. Ўтган йили ўтказилган фестивал – танлов натижалари ёш ижрочилар маҳоратини ўсишига анча ёрдам берди.

Фестивалнинг бадиий раҳбари – проф. Феруза Равшановна Абдурахимова.

 

Javob berish