“Ботирлар” харбий-спорт ўйинлари фестивали ўтказилади

Республикамиз мустақилликка эришгандан буён юртимизда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида самарали ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида қатор Давлат Дастурлари ва Ҳукумат Қарорлари қабул қилинди. Аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди. Бу ишларнинг амалга оширилишида давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат ташкилотларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Маълумки, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни она Ватанга садоқатли инсонлар бўлиб етишишини таъминлаш борасида жамғарма томонидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, ёшларимизнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини ошириш, Ватаннинг асл ва мард ҳимоячилари бўлиб вояга етишини таъминлаш ҳам жамғарма олдида турган асосий масалалардан бири саналади.

Шу мақсадда, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси жорий йилнинг 31 март куни Халқ таълими вазирлиги ва “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамоатчилик жамғармаси билан ҳамкорликда “Ботирлар” ҳарбий-спорт ўйинлари фестивалини ўтказишни режалаштирмоқда.

Жумладан, 31 март куни соат 10:00 да Тошкент Олий умумқўшин харбий билим юртида Тошкент шахри ва Тошкент вилояти харбий-спорт мактаблари, секциялар, клублар ўқувчилари ва “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари иборат 200 дан зиёд 5-6-7-8-9 синф ўқувчилари ўртасида ҳарбий-спорт фестивали ўтказилиши режалаштирилди. Тадбир доирасида ўқувчилар спортнинг футбол, баскетбол, югуриш турлари, харбий жанг санъати сирлари бўйича мусобақалар ўтказилади.

Ушбу ҳарбий-спорт ўйинлари фестивали Халқ таълими тизимида ташкил этилган ҳарбий синф ўқувчилари учун келажакдаги орзу-истакларининг қисқа муддатли акси бўлибгина қолмай, балки ўз танлаган йўлида дадил қадам ташлашига сабаб бўлиши турган гап. Бундан ташқари, фестивалда олдинги йилларда ташкил этилган ҳарбий синф ўқувчиларининг ҳарбий жанг саньати,ва кўплаб чиқишлар ўрин эгаллаган.

Тадбирдан кўзда тутилган асосий мақсад эса аниқ – юртимизга чинакам, мард-жасур, шу билан бирга соғлом ҳимоячиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат. Тўғри ушбу фестивалда қатнашган ҳарбий-спорт синфлари ўқувчиларининг ҳаммаси ҳам келажакда ҳарбий бўлмаслиги мумкин албатта, лекин, уларда оз бўлса-да ватанпарлик кайфиятини кўтариш фестивалдан кўзланган асл мақсаддир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мазкур лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилган давлат ва жамоат ташкилотларига ҳамда барча оммавий ахборот воситалари ходимларига  ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish