Республикамизда Ин Ха Университети госпитали шифокорларининг тиббий текшируви

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Сизга маълумки, “Соғлом авлод учун” жамғармаси бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда хукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2011 йил давомида жамғарма мазкур йўналишда Германиянинг “Фриеденсдорф Интернейшнл” халқаро ташкилоти, Жанубий Кореянинг Бундан Ча университети госпитали, Сеул Миллий университети, Ин Ха университети госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирди.

Жумладан, жамғарма узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Ҳамкорликка мувофиқ, “Соғлом авлод учун” жамғармаси билан Корея халқаро соғлиқни сақлаш – Доктор Ли Жунг-Вук хотира жамғармаси ўртасида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида 2011 йил феврал ойида жамғарма қошидаги Тиббий-ижтимоий марказида замонавий тиббиёт асбоблари билан таъминланган янги бино қурилди.

Республикамизнинг энг чекка худудларида истиқомат қилувчи аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур тиббий ёрдамларни кўрсатиш каби мақсадларни кўзлаган ҳолда, замонавий тиббиёт техникаси билан жиҳозланган “Hyundai” русумидаги мобил клиникаси ҳам Корея халқаро соғлиқни сақлаш – Доктор Ли Жунг-Вук хотира жамғармаси томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармасига тақдим этилди. Бугунги кунда ушбу мобил клиника ўз фаолиятини Тошкент вилоятидаги чекка туманларда истиқомат қилувчи аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Бундан ташқари, Корея Республикаси билан бир қатор соғломлаштириш дастурлари амалга оширилиб келинмоқда. Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15 июн 2012 йилда тасдиқланган 10/103-172 сонли ташриф Дастури асосида жорий йилнинг 6-13 июл кунлари Корея Республикасининг Ин Ха Университети госпитали малакали шифокорлари (17 нафар анестезиолог, кардиолог, педиатр, ортопед, офтальмолог, эхокардиограф, фармацевт ва бошқа мутахассислар) томонидан Республикамизнинг бир неча худудларида: (7-июл куни Жамғарманинг Тиббий-ижтимоий маркази (Юнусобод тумани Ш.Рашидов кўчаси 94а уй)да, 8 июн куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Суранкент қишлоғи “Ариранг” қариялар уйида ва 10 июн куни Навоий шаҳри Халқаро Аеропорти биносида) бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. 7-июл куни соат 10:00-12:00да Тошкент Тиббиёт Академиясида Ин Ха Университети, Тошкент Тиббиёт Академияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” жамғармалари ўртасида ўзаро ҳамда соат 13:00-15:00да “Соғлом авлод учун” жамғармаси биноси (Истиқбол кўчаси 15-уй)да Ин Ха Университети, Тошкент Тиббиёт Академияси ва “Соғлом авлод учун” жамғарма ўртасида врачлар малакасини ошириш тўғрисидаги битим имзоланади.

“Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, ОАВ орқали ёритишда кўмаклашган журналист ва мухбирларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish