Оила ва болалик – ишончли ҳимояда

ЎзА, Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов (сурат), 20.11.2012 18:14

Пойтахтимизда оила ва болаликни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг маънавий асослари мавзуида халқаро форум бошланди.

Форум Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, «Sen Yolg’iz Emassan» Республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ЮНИСЕФ ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, бир қатор хориж мамлакатларининг мутахассислари, педагоглар, ҳуқуқшунослар, шифокорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳамда “Sen Yolg’iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Л.Каримова-Тиллаева, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, Бош прокурор ўринбосари А.Шарафиддинов, халқ таълими вазири Т.Ширинов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Б.Ҳодиев, соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.Ҳаитов ва бошқалар болаларга меҳрибонлик қилиш, оналарни эъзозлаш халқимизнинг азалий қадриятларидан эканини, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар замирида бундай эзгу анъаналаримиз мужассам бўлиб, истиқлол йилларида янгича маъно-мазмун билан бойиб бораётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда “Соғлом она – соғлом бола” тамойилини рўёбга чиқариш, баркамол авлодни вояга етказиш масаласи том маънода умуммиллий ҳаракатга айланган. Халқимизнинг соғлом ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий соғлом ёш авлодни тарбиялаш, спортни ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Форумда ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Жан-Мишель Дельмот, БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги доимий вакили ўринбосари Яко Силлиерс, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, Исроилнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хиллель Ньюман Ўзбекистонда оилалар фаровонлигини таъминлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофазалашга оид миллий модель халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганини таъкидлади.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга ошириш жараёнида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди ва самарадорлиги ортди. Жамиятимизнинг маънавий негизларини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларнинг маиший шароитларини яхшилаш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга йўналтирилган тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Ҳомиладор аёлларни скрининг текшируви билан тўлиқ қамраб олиш, болаларни хавфли юқумли хасталикларга қарши эмлаш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга оид чора-тадбирлар болаликдан ногиронлик, туғма ва ирсий хасталикларнинг олдини олиш имконини бермоқда. “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамиятимизда юксак маънавий муҳитни қарор топтириш, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирларга қарши туришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида барча маҳаллада “Ота-оналар университети” ташкил этилган. Фарзанд тарбиясининг ҳуқуқий, психологик, ижтимоий жиҳатларини ота-оналарга атрофлича тушунтириш, зарур маслаҳат кўмагини кўрсатишда ушбу жамоат тузилмалари муҳим ўрин тутаётир.

Мамлакатимизда миллати, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, барча болаларни кучли ва манзилли тарзда ижтимоий ҳимоялашга оид амалий чора-тадбирлар жараёнида Меҳрибонлик уйлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларда тарбияланаётган болаларнинг тўлақонли таълим-тарбия олиши ва касб-ҳунар эгаллашига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Sen Yolg’iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, мураккаб тақдирли болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, жамиятга интеграциялашувига ёрдамлашиш каби масалаларга устувор вазифа сифатида эътибор берилмоқда. Кам таъминланган оилалар фарзандлари, алоҳида эҳтиёжли болаларнинг юрак, умуртқа поғонаси, кўз, қулоқ, юз, лаб-танглай қисмидаги нуқсонлар жарроҳлик йўли билан даволанаётир. Туғма хаста болалар учун коррекцион-даволаш курслари, тиббий кўриклар ўтказилиб, ота-оналарга ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ва руҳий кўмак берилмоқда.

Бундай тизимли ишлар халқаро миқёсда ҳам намуна олишга арзигулик тажриба сифатида эътироф этилмоқда.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Соғлом она – соғлом бола» дастури аёлни ҳомиладорликка тайёрлашдан бола камолга етгунча бўлган босқичларни қамраб олади ва бунинг учун сарфланган сармоя жамиятда мувозанатни таъминловчи муҳим омил бўлмоқда, – дейди Украинадаги “Ҳар бир бола билан ҳамкорлик” халқаро хайрия фонди менежери Лариса Стрига. – Халқаро форум доирасида мамлакатингизда бу борада эришилаётган ютуқлар билан атрофлича танишдик. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари, Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси чуқур ўрганилди ва бу бизнинг келгуси фаолиятимизда муҳим ўрин тутади.

Хорижлик мутахассислар Ўзбекистонда баркамол авлодни тарбиялаш, оналик ва болалик манфаатларини таъминлаш, айниқса, ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни фарзандликка олиш, оилаларга ҳар тарафлама кўмак беришга оид эзгу саъй-ҳаракатлар кучли ижтимоий йўналтирилганини, аниқ ва манзилли тарзда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси кўпгина мамлакатлар учун ўрнак бўлиши мумкин. Бунда халқнинг миллий менталитети инобатга олинаётгани, маънавий-ахлоқий масалаларга алоҳида ва жиддий ёндашилаётгани ижобий натижалар бераётгани қайд этилди.

Форумнинг секциялар йиғилишларида оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоялаш – болалар, ёшлар келажаги, оилалар фаровонлигини таъминлашнинг асоси, ёш авлод, оила, оналик муҳофазасининг ҳуқуқий-меъёрий, психологик-педагогик ва тиббий-реабилитацион жиҳатлари, алоҳида эҳтиёжли болаларнинг жамиятга интеграциялашувини миллий қадриятлар асосида такомиллаштириш, оилани мустаҳкамлашнинг маънавий асослари каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари