«Экстрим гиёҳвандликка қарши » мавзуида IX- ёшлар фестивали

Жамғарма томонидан экстримал спорт турларини қўллаб-қувватлаш, болалар спортини ривожлантириш йўналиши доирасида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, истеъдодли болаларни аниқлаш бўйича кенг қамровли ишларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарма ҳар йили мунтазам равишда «Соғлом авлод учун» кубоги учун ўсмирлар ўртасида синхрон сузиш, бадиий гимнастика, теннис каби Халқаро ва Республика турнирларини, экстримал спорт турлари бўйича ёзги “Гиёҳвандликка қарши экстрим”, қишки “Чимён Эко” каби Фестивалларни ўтказиб келмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари Вазирлиги, Республика болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Sen Yolg’iz Emassan” Республика болалар жамоатчилик жамғармаси, Ўзбекистон экологик харакати,  Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси жисмоний тарбия ва спорт жамияти маркази кенгаши, В.Раценко номидаги альпинистлар ва қояларни забт этиш клуби, Ўзбекистон экстримал ва тоғ сайёҳлиги федерацияси Тошкент шаҳар бўлими, Тошкент вилоят ўлкашиностлик, экология, тоғ спорти ва туризм мактаби билан хамкорликда UCELL компаниясининг спонсорлик ёрдамида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ҳамда тамаки чекишга қарши — ёшларни экстремал спорт турларига қизиқтириш ва ана шу спорт турлари орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида “Гиёҳвандликка қарши экстрим” IX- ёшлар фестивали ўтказилди. Фестивал доирасида ёшларга интерфаол усулларда бу каби иллатларнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунча берилди.

Кейинги йилларда экстремал спорт турларига ёшларимизнинг қизиқиши тобора ошиб бормоқда. Экстремал спорт турларига тоғли чанғи, сноуборд, роликли коньки, скейтборд, тоғли велосипед “байк” ва бошқа спорт турлари киради.

Ҳозирги вақтда ёшларимизнинг дунё қарашлари, фикрлари ижобий тарафга ўзгариб бормоқда. Ўзбекистон ўсмирлари гиёҳвандлик, компьютеромания, тамаки чекиш иллатларидан экстремал спорт турларини афзал кўрмоқдалар.

Фестивалдан кўзланган максад:

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва тамаки чекишга қарши – ёшларни экстремал спорт турларига қизиқтириш ва ана шу спорт турлари орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш.  Шунингдек, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни инкор этиш, фестивал доирасида ёшларга интерфаол усулларда бу каби иллатларнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунча бериш, мусобақа ва беллашувлар  ўтказиш орқали  болалар ва ўсмирлар ўртасида экстремал спорт турларини кенг намоён этиш.

Фестивал 2 босқичда ўтказилади:

Биринчи босқич – 2011 йил 21 октябр “Жасур болалар” теле-мусобақаси ўтказилди

Иккинчи босқич – 22 октябр 2011 йил. Якуний босқич: скейтборд, ролик “Street slalom”, тоғ велосипеди, брейк-данс,  fire-show спорт турлари бўйича энг яхши спорт чиқишлари. Барча ғолиб ва қатнашчиларни тақдирлаш маросими «Ўзбекистон Миллий боғи»да соат 14:00 дан 18:00 га қадар бўлиб ўтди.

Фестивалнинг ёпилишида  Тошкент шаҳридаги 22-сонли “Меҳрибонлик уйи”нинг ҳарбий-спорт синфлари тарбияланувчилари томонидан қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари ва таниқли “Апокалипсис”, “Шанс”, “Аладдин” каби гурухларнинг концерт дастурлари хам намойиш этилди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мазкур лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилган давлат ва жамоат ташкилотларига ҳамда барча оммавий ахборот воситалари ходимларига  ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish