Она ва бола саломатлигини асраш доимий эътиборда

ЎзА, Баҳор Хидирова 17.01.2014 17:18

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Соғлом бола йилида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом муҳитни кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, фарзандларимизда, айниқса, қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича жамиятимиз олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Бундай долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлашда давлат ташкилотлари билан бирга мамлакатимиздаги жамоат ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Мазкур жамоат тузилмаси томонидан айни пайтда аёллар, оилалар ва болаларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, уларнинг жамиятимиздаги ислоҳотларда фаоллигини кучайтириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аёлларни ижтимоий ҳимоялашга оид ишларни янада кучайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига хотин-қизларни кенг жалб қилиш, хотин-қизлар қўмиталарининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг корхона, ташкилот, муассасалар, таълим, тиббиёт масканлари, маҳаллалар ва бошқа тизимларда қирқ бир мингга яқин бошланғич ташкилоти мавжуд. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 35-оилавий поликлиника бошланғич ташкилоти улардан биридир. Ушбу ташкилот оилавий поликлиникада меҳнат қилаётган уч юз эллик нафарга яқин хотин-қизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда самарали фаолият кўрсатмоқда.

Мазкур оилавий поликлиника тиббиётнинг замонавий йўналиши – оила шифокори тизимида самарали фаолият юритаётган пойтахтимиздаги етакчи тиббиёт муассасаларидан. Қирқ мингдан кўпроқ аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт масканида ўттиз нафардан ортиқ умумий амалиёт шифокори ва ўнга яқин йўналиш бўйича мутахассислар, патронаж ҳамширалар аҳоли саломатлигини муҳофазалаш бўйича иш олиб бормоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти иш режасида жамоада ишлаётган аёллар улар қулай меҳнат шароити яратиш баробарида ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгиланган.

Мазкур оилавий поликлиникада она ва бола саломатлигини муҳофазалаш, оилада соғлом фарзанд туғилиши ва камолга етишини таъминлашга оид изчил чора-тадбирлар белгиланиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Туғруқ ёшдаги хотин-қизлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида тиббий кўрикларни юқори савияда ташкил этишда “Саломатлик-2” лойиҳаси доирасида ўрнатилган УЗД, ЭКГ, рентген аппарати, лаборатория-таҳлил жиҳозлари ва бошқа воситалардан самарали фойдаланилмоқда.

Изчиллик билан олиб борилаётган бундай ишлар аҳолининг тиббий хизматдан баҳрамандлигини ошириш, хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ўз салоҳиятини намоён этишига қулай шароит яратишга хизмат қилаётир. Буни ушбу бирламчи тиббиёт маскани хизмат кўрсатаётган ҳудудда кейинги йилларда оналар ва болалар ўлими қайд этилмагани, юқумли касалликларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида сезиларли натижаларга эришилаётганида ҳам кўриш мумкин.

Тиббиёт муассасасида амалга оширилаётган изчил ишларда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Мазкур бошланғич ташкилот томонидан кенг қамровли тиббий-ижтимоий лойиҳаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш, инсон манфаатларига йўналтирилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, жумладан, хотин-қизларга етказиш борасида кўплаб тушунтириш-тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Маҳаллаларда, таълим масканларида ташкил этилган “Ораста қизлар” тўгараклари фаолиятини такомиллаштириш, бу йўналишда тўпланган илғор тажрибани оммалаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир.

Эришилаётган бундай ютуқлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти – 2013” республика кўрик-танловида муносиб эътироф этилди. Оилавий поликлиниканинг хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти “Энг намунали тиббиёт муассасаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритди.

– Юртбошимиз раҳнамолигида аёлни, онани эъзозлаш, унинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ўз салоҳиятини намоён этиши учун барча шароитларни яратишга қаратилаётган доимий эътибор бизни янада фаоллик билан ишлашга ундайди, – дейди 35-оилавий поликлиника хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Саида Маҳкамова. – Ана шундай эътибордан руҳланиб, мамлакатимиздаги тинчлик ва ободлик, халқимизнинг саломатлигини таъминлашда, барча соҳада амалга оширилаётган улкан ишларда ўрнак бўлаётган опа-сингилларимизнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда. Соғлом бола йили аҳоли саломатлиги йўлида фаол иш олиб бораётган тиббиёт ходимлари, хусусан, бизнинг бошланғич ташкилотимиз зиммасига ҳам улкан вазифа ва масъулият юклайди. 2014 йилда бу борадаги эзгу ишларимиз кўламини янада кенгайтириш, оналар ва болалар саломатлигини асраш, оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш борасидаги лойиҳаларни изчиллик билан давом эттиришга эътиборимизни янада кучайтирамиз.

Javob berish