Танқид ва таҳлил руҳида

ЎзА, М.Сулаймонов, 31.01.2014 17:01

Фарғонада 2013 йил якунлари ва 2014 йилда вилоят иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Ислом Каримовнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги “2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш, барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади” маърузасида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот шаклида ташкил этилди. Муҳокама жараёнларини туман ва шаҳар студияларида йиғилган маҳаллий Кенгашлар депутатлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, кичик бизнес вакиллари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари кузатиб бориш ва ўз фикрларини билдириш имкониятига эга бўлди.

Йиғилишда ўтган йили вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришилгани қайд этилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиш суръати 9,4 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги 7,8, чакана савдо айланмаси 13,5 фоизга кўпайди. Вилоятда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, инвестиция жалб этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида салмоқли ишлар қилинди. 2013 йилда саноатни ривожлантиришнинг мақсадли дастурлари доирасида 458 лойиҳа амалга оширилди.

Қувасой шаҳридаги “Фарғона цемент” қўшма корхонасида цемент, Учкўприк туманидаги “Ҳумо тўқимачи” масъулияти чекланган жамиятида ип-калава, Фарғона шаҳридаги “Экопласттекс” масъулияти чекланган жамиятида полиэфир тола, Данғара туманидаги “BUR-SAL SHOES” масъулияти чекланган жамиятида пойабзал ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш дастурига асосан 2 минг 170 лойиҳа амалга оширилиб, хорижий сармоядорлар иштирокида ўндан зиёд корхона ишга туширилди.

Кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар учун яратилаётган қулай инвестицион муҳит ва зарур шароитлар самарасида ҳудудда кичик бизнес субъектлари сони 22 минг 51 тага етиб, уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 46,2 фоизни ташкил этди. Бундай корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 456 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бу 75 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилишига, бандликдаги кичик бизнес улушининг ўтган йилга нисбатан ортиб, 77,4 фоизни ташкил этишига имкон берди. Энг муҳими, уларнинг экспорт салоҳияти икки баробар ортди.

Қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар асосида 850 янги уй-жой бунёд этилди. Аҳоли бандлигини ошириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда айрим соҳаларда мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Уларни бартараф этиш, қишлоққа саноатни олиб кириш, мева ва сабзавотни қайта ишлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари