Ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

ЎзА, Ирода Умарова, 31.01.2014 17:17

Пойтахтимизда 31 январь куни Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. У Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.

Бирлашган Қиролликнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Эдгар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ривожи, 2013 йилда икки томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларида эришилган ютуқлар, амалга оширилган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши мажлислари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб бораётир. Ўзбекистонда британиялик сармоядорлар билан ҳамкорликда тузилган тўрт юздан зиёд корхона, Буюк Британиянинг юзга яқин фирма ва компанияси ваколатхоналари фаолият юритаётир.

– Буюк Британия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар улкан салоҳиятга эга, – деди Жорж Эдгар. – Ўзбекистонда британиялик кўплаб сармоядорлар узоқ йиллардан буён муваффақиятли бизнес юритиб келмоқда. 2013 йилда Навоий вилоятида “Nationwide Technologies” компанияси томонидан минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод ишга туширилди ва тайёр маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилди. Тоғ-кон саноатига ихтисослашган “Rio Tinto” компанияси Наманган вилоятида геология-қидирув ишларини олиб бормоқда. Тобора ривожланаётган Ўзбекистон бозорида Британия компанияларининг сони ошиб бораётгани бизни ғоят қувонтиради. Ўзбекистоннинг минтақадаги муҳим жуғрофий ҳолати, бой табиий ресурсларга, қулай сармоявий муҳитга эга экани кўплаб давлатлар, жумладан, Буюк Британия сармоядорлари учун ҳам истиқболли ҳамкорликка йўл очаётир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Буюк Британия Парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳи ҳамда Буюк Британия Парламентининг “Британия – Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи ўртасида имзоланган англашув меморандуми мамлакатларимиз ўртасида парламентаризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни тараққий эттиришга катта ҳисса қўшаётир.

Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб бораётгани, 2013 йилда бу борада қатор лойиҳалар амалга оширилгани қайд этилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ инглиз тилини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишларда Британия Кенгаши фаол иштирок этмоқда.

Анжуманда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар каби турли соҳаларда амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг самаралари, ушбу йўналишлардаги ҳамкорлик муносабатларининг истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарилди.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари