ЎзА, Н.Абдураимова, 26.03.2014 16:17
Мамлакатимиз суд тизимида жамоатчилик вакилларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилаётган эътибор одил судловни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқ маслаҳатчилари институти шакллангани ва уларнинг жиноят иши муҳокамасида иштирок этаётгани бунинг амалдаги тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Жиноят ишларини кўришда халқ маслаҳатчиларининг иштироки ва суд амалиётидаги долзарб масалалар” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ва Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, халқ маслаҳатчилари, олим ва мутахассислар иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси А.Раҳимов, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Ш.Ғозиев, Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази директори вазифасини бажарувчи Р.Давлатов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз суд тизими фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилувчи мустақил институтга айланганини алоҳида таъкидлади.
Жамоатчиликнинг, хусусан, халқ маслаҳатчиларининг суд ишларида фаол иштироки жараённинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, адолатли қарор қабул қилинишига хизмат қилмоқда.
Халқ маслаҳатчилари институтига оид қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, “Судлар тўғрисида”ги қонун ва “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги низомда белгилаб қўйилган. Ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра оғир ва ўта оғир тоифали жиноят ишлари биринчи инстанция суди томонидан судьялар ва судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган икки нафар халқ маслаҳатчисидан иборат суд таркиби томонидан кўриб чиқилади.
Халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини кўришдаги иштирокини янада фаоллаштириш, бунинг учун фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш бугунги кундаги долзарб вазифалардандир. Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази томонидан мазкур институт фаолиятига оид мониторинг ўтказилди.
Мониторинг жараёнида халқ маслаҳатчилари институтини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқ маслаҳатчиларининг суд ишларини кўришдаги иштироки, мазкур масала билан боғлиқ хорижий тажриба чуқур ўрганилган. Судьялар ўртасида мазкур масала юзасидан ўтказилган ижтимоий сўров натижалари ҳамда жиноят ишларини халқ маслаҳатчилари иштирокида кўришда юзага келаётган ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлар таҳлил этилган.
Давра суҳбатида халқ маслаҳатчиларининг сайловини ўтказиш, ўқитишни ташкил этиш ҳамда уларнинг судлардаги фаолияти билан боғлиқ бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Халқ маслаҳатчилари институтига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, уларнинг жиноят ишларини кўришдаги иштирокини фаоллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.