Корея Республикаси Бундан Ча Госпитали малакали шифокорларининг Республикамизга ташрифи

Жорий йилнинг 26 апрел куни Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида Корея Республикасининг “Junior Chamber International – JCI” ва Ча университети қошидаги Пундан Ча Госпитали малакали шифокорлари Республикамизга ташриф буюришиб, туғма юрак нуқсони ташхисли бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Маълумки, Фонд бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштиришда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Пундан Ча университети госпитали, Ин Ха университети госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сонли қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг 49-бандига мувофиқ, болаларни республика клиникаларида ва тиббиёт марказларида ҳамда чет элда соғломлаштириш, шу жумладан: туғма юрак нуқсонлари билан туғилган ва сурункали остеомиелит билан касалланган болаларни соғломлаштириш ва тезкор даволаш борасидаги ишларда “Соғлом авлод учун” фондининг алоҳида ўрни бор.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Маълумот ўрнида айтиб ўтишки жоизки, 2013 йил давомида 32 нафар юрак туғма нуқсони билан бемор болаларни Тошкент педиатрия тиббиёт институти кардиохирургия клиникасида операция қилиниши учун бепул оксигенаторлар ва бутловчи қисмлари топширилди. Операциялар муваффақиятли ўтказилди. 2013 йилнинг 9 ноябр куни Корея Республикасининг «Save the Сhildren» халқаро ташкилоти томонидан 50 дона юрак туғма нуқсони билан бемор болаларни операция қилиш учун оксегенаторлар ва бутловчи қисмлари келтирилди. 2013 йилнинг 19-22 апрел кунлари Корея Республикасининг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти вакиллари ва Пундан Ча университети қошидаги Ча Госпитали малакали шифокорлари Республикамизга ташриф буюришиб, туғма юрак нуқсони ташхисли беморларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди. Ушбу тиббий кўрикдан ўтган беморларнинг 3 нафари фонд мутахассислари ва кузатувчилар билан биргаликда 2013 йилнинг 18 август куни Корея Республикасининг Ин Ха университети Госпиталида даволаниш учун жўнаб кетиб, юртимизга соғломлаштирилиб қайтиб келди.

Шунингдек ушбу делегация 25-28 апрел кунлари тасдиқланган режа асосида Ким Пен Хва номидаги музейга, Тошкент шаҳридаги Корея таълим марказига, Ўзбекистондаги Корея маданият марказлари Ассоциация ва Ўзбекистондаги Корея Республикаси элчихоналарига ташриф буюришади.

Ушбу тиббий кўрик натижаларига кўра оғир деб топилган бемор болалар юртимиз ва Корея Республикаси нуфузли клиникаларида соғломлаштирилади.

“Соғлом авлод учун” фонди ана шундай хайрли ишларни ташкил этишида яқиндан ёрдам бераётган барча хомий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради ва келажакдаги ҳамкорликка чорлайди.

Javob berish