Аҳиллик, саховат, тарбия қўрғони

21.07.2014 19:45

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг 2014 йил биринчи ярмидаги фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси А.Аҳмедов бошқарган йиғилишда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида маҳалланинг жамият ҳаётидаги мавқеи ва нуфузини юксалтириш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Фуқаролар йиғинларининг фаолиятини яхшилаш ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида шу йилнинг ўтган даври мобайнида “Маҳалла” фонди тузилмалари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида фонднинг ҳудудий бўлимлари томонидан 421 фуқаролар йиғини компьютер жамланмаси, 488 таси мебель жиҳозлари билан таъминланди. Фонднинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари томонидан 67 фуқаролар йиғини биноси реконструкция қилиниб, ўнга яқин бино янгидан қурилди.

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришга оид миллий қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини маҳалла аҳли, айниқса, ёшларга кенг тушунтириш мақсадида мунтазам тарзда тарғибот-тушунтириш тадбирлари ўтказилмоқда. Аҳоли ўртасида диний экстремизм, миссионерлик, ақидапарастликнинг турли кўринишларига барҳам беришга қаратилган кўплаб тадбирлар доимий ташкил этилмоқда.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида маҳаллалар ҳудудида 34 мингдан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси очилиб, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесга кўмаклашиш орқали 42 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Жумладан, 24 минг нафардан ортиқ хотин-қиз ва 16 минг нафардан зиёд ёшнинг бандлиги таъминланди.

Фонд томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга доимий ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Меҳрибонлик, Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида истиқомат қилаётган нуронийлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронларга “Маҳалла муруввати” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилган кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар тарқатилди.

Маҳаллаларда тўй маросимларини ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўймасликка қаратилган 8 мингдан ортиқ маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ёш оилаларнинг никоҳ ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат тўйларини ўтказишда кўмаклашилди. Маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган оила фарзандлари оромгоҳларда бепул дам олдирилди. Фуқаролар йиғини тавсиялари асосида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари, якка-ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳамда ногиронларнинг диққатга сазовор масканлар, истироҳат боғларига саёҳатлари уюштирилди.

Ёшларнинг бўш вақтини тўғри ва сермазмун ташкил этиш, уларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсири, миллий ҳаёт тарзимизга зид бўлган ғоялардан ишончли тарзда ҳимоялаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришда “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Футболимиз келажаги” спорт мусобақаларининг аҳамияти катта бўлмоқда.

Йиғилишда “Соғлом бола йили” Давлат дастури ва фонд иш режасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

ЎзА, Н.Усмонова

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари