Хўжаликда янги тармоқ ишга тушди

05.08.2014 14:31

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Осиё саховат глобал» фермер хўжалигининг умумий экин майдони нисбатан чоғроқ – 51 гектар. Хўжалик жамоаси давлатга ғалла, мева-сабзавот етказиб бериш бўйича шартнома режасини ҳар йили ортиғи билан бажариб келади. Жорий йилда ҳам ғалладан юқори ҳосил олинди.

Хўжалик аъзолари айни кунда эътиборни ғалла ўрнига экилган кузги экин парвариши ва ўн гектардан зиёд боғдаги олхўри, олма, шафтоли ва бошқа мева-чеваларни нест-нобуд қилмай йиғиб-териб олишга қаратмоқда. Тушадиган фойда эса хўжаликдаги қорамоллар ва паррандаларни кўпайтиришга сарфланиши режалаштирилаётир.

Йилнинг ўтган даврида ғалладан келган даромад ва тижорат банкидан олинган 750 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига хўжаликнинг сув бормайдиган бўш ери текисланиб, бир минг икки юз тонна сиғимга эга замонавий совитгичли омбор қурилди. Айни пайтда бу ерда «Осиё саховат глобал» ва бошқа фермер хўжаликлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақланаётир. Бундан барча хурсанд. Чунки ҳудуддаги хўжаликлар шу пайтга қадар бу борада муаммога дуч келаётган эди-да.

– Омборимиз 30 даражагача совутади, – дейди хўжалик раҳбари Акмал Юнусов. – Бу ҳарорат нафақат мева-сабзавот, балки гўшт ва гўшт маҳсулотларини ҳам узоқ муддат сифатли сақлаш имконини беради.

Хўжаликда қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш ҳисобидан олтмишга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

ЎзА, Б.Ҳидоятов

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари